Жаҳон | 14:30 / 19.07.2025
3567
5 дақиқада ўқилади

АҚШ: Исроил ва Сурия оташкесимга келишди

АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Барракка кўра, Исроил ва Сурия оташкесимга келишиб олди. Шунингдек, Исроил ўзи қўшин жойлаштиришига қатъиян қарши чиқиб келган Сувайда ҳудудига, бу сафарги жангларни тўхтатиш учун, Сурия армияси киришига “рухсат берган”.

Фото: EPA

Исроил ва Сурия оташкесимга келишиб олди, дея хабар қилди АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак. Бу келишув асосан друзлар яшайдиган ҳудудда бир неча кунлик қонли тўқнашувлар натижасида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлгач юз берди.

«Биз друзлар, бадавийлар ва суннийларни қуролини ташлаб, бошқа озчилик гуруҳлар билан биргаликда янги ва бирлашган Cурияни барпо этишга чақирамиз», — деди АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Фото: ABC News

Барракнинг айтишича, Исроил ва Сурия АҚШ воситачилигида Туркия, Иордания ва бошқа қўшни давлатлар қўлловида оташкесимга эришган. Reuters нашрининг ёзишича, ҳозирча Сурия ҳам, Исроил ҳам бу масалада расман изоҳ бермаган.

Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида тўқнашувлар бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Можаро дастлаб бадавий жангчилари ва друз гуруҳлари ўртасида бошланган эди.

Чоршанба куни Исроил Дамашқда ҳаво ҳужумлари уюштириб, жанубдаги ҳукумат кучларини нишонга олди. Улар Сурия друзларини ҳимоя қилишини билдирган ҳолда, ҳукумат қўшинларини ҳудуддан чекинишга чақирди.

Шундан сўнг Сурия армияси Сувайда вилоятидан чиқиб кетишни бошлади. Бу орада друзларнинг қарши бадавий қабилалари куч тўплаб, қарши ҳужумга тайёргарлик бошлади.

Исроил олдин Сувайда ҳудудига қўшин жойлаштиришига қатъиян қарши чиққан эди. Аммо жума куни бу сафарги жангларни тўхтатиш учун Сурия армиясига ҳудудга кузатув остида, қисқа муддатли киришга рухсат берган.

«Сурия жанубида давом этаётган беқарорликни инобатга олиб, Исроил Суриянинг ички хавфсизлик кучларига Сувайдага 48 соат ичида чекланган кириш ҳуқуқини беришга рози бўлди»,деди исмини ошкор этишни истамаган исроиллик расмий журналистларга. Шунга қарамай жума тонгида Исроил яна Сувайдага ҳаво зарбалари уюштирган.

Фото: Getty Images

Сурия президенти идораси жума куни кечқурун ҳукумат Сувайда жанубига тинчликни тиклаш, зўравонликларнинг қайта бошланишига йўл қўймаслик учун ҳарбий куч юборишини маълум қилди. Бу хавфсизлик ва сиёсий чоралар билан мувофиқлаштирилади.

Ҳафтанинг бошида ҳам расмий Дамашқ друзлар ва бадавийлар ўртасидаги урушни тўхтатиш учун қўшин юборган. Аммо бу «друзларга қарши зўравонлик» сифатида кўрилиб, Исроил ҳужумларига учраган ва чоршанба кунги сулҳ асосида чекинишга мажбур бўлган эди.

Аҳмад аш-Шаръа Исроилни Сурияни бўлишга уринаётганликда айблади ва друзларни ҳимоя қилишга ваъда берди.

Reuters мухбирлари Дараа вилоятида Сурия ички ишлар вазирлигининг конвойи тўхтаб турганини кўрган. Хавфсизлик манбаси уларнинг Сувайдага кириш учун рухсат кутаётганини билдирган.

АҚШ олдин ҳам ҳукумат кучлари ва друз жангчилари ўртасидаги оташкесимни таъминлашда воситачи бўлган эди. Оқ уй пайшанба куни бу сулҳ ҳали ҳам кучда эканини билдирди.

Сурия Инсон ҳуқуқлари ташкилоти сўнгги ҳафтада юз берган тўқнашувлар натижасида 321 кишининг ҳалок бўлганини ҳужжатлаштирди. Қурбонлар орасида тиббиёт ходимлари, аёллар ва болалар ҳам бор.

Фото: The Washington Post

Сурия фавқулодда вазиятлар вазирлиги 500 дан ортиқ жароҳатланганлар даволанаётганини, юзлаб оилалар ҳудуддан эвакуация қилинганини айтди. Reuters нашрининг маҳаллий аҳолига таяниб, ёзишича, улар озиқ-овқат ва сувдан маҳрум, шаҳар бир неча кундан бери электрсиз қолган.

«Тўқнашувлар тўхтагани йўқ. Интернет ва телефон алоқаси деярли йўқлиги учун нима бўлаётгани ҳақида янгилик олиш ҳам қийин», — деган Сувайдадаги тинч аҳоли вакили.

Таҳлилчиларнинг ёзишича, Исроилнинг Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги Сурия янги ҳукуматига нисбатан чуқур ишончсизлиги АҚШ позицияси билан зид келмоқда. Расмий Вашингтон Исроилнинг Дамашқдаги ҳаво ҳужумларини ҳам қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган эди.

Мавзуга оид