Жаҳон | 11:43 / 19.07.2025
2586
2 дақиқада ўқилади

Россия Германия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни тўхтатди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Москва ва Берлин ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим «Германия расмийларининг очиқ душман сиёсати» туфайли «ўз мазмуни ва амалий аҳамиятини йўқотганини» маълум қилган эди.

Россия бош вазири Михаил Мишустин Россия ва Германия ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Тегишли ҳужжат 18 июл, жума куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Россия ТИВга Германияни ушбу қарор ҳақида хабардор қилиш топширилди.

Россия ТИВ келишувдан чиқиш ниятини июн ойида эълон қилиб, у «Германия расмийларининг очиқ душман сиёсати» туфайли «ўз маъноси ва амалий аҳамиятини йўқотгани»ни билдирганди. Вазирлик немис ҳукуматини «немис аҳолисини Россияга қарши ғоявий руҳда тарбиялашда» ва «ҳарбий-сиёсий вазиятнинг кескинлашувига очиқдан очиқ гижгижлашда» айблади.

1996 йил 14 июнда Россия ва Германия ҳукуматлари томонидан имзоланган ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки давлат корхоналари, ташкилотлари ва идоралари ўртасида ёрдам кўрсатишни назарда тутган эди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Германия ва Россия ўртасидаги муносабатлар совуқ урушдан бери энг паст даражага тушиб кетди. Берлин Киевни Россия агрессиясига қарши курашда фаол қўллаб-қувватлайди. Германия ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, Германия Россия босқинининг бошидан бери Украинага ёрдам сифатида 40 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратган.

Мавзуга оид