“Тафаккур қилмайсизми?..” Ер юзидаги барча мавжудот инсонга хизмат қилади, инсоннинг ўзичи?

Коинотдаги энг гўзал қонунлардан бири шу эканки, барча махлуқот ва мавжудотлар зарарни кетказиб, фойда келтиришга хизмат қилар экан. Сайёралар аро, ҳайвонот дунёсида, ҳатто бактериялар орасида ҳам шу қонун ишларкан. Масалан, қуёшни мисол қиладиган бўлсак, у ернинг захини кетказади ва ўрнига иссиқлик, ёруғлик, инсонларга D витаминини беради ҳамда ўсимликларда фотосинтез жараёнини вужудга келтиради.
Аллоҳ таоло дунё ва охиратимиз учун нима фойда ҳамда зарарлигини тушунтириш мақсадида ўзининг шариатини нозил қилди. Бу шариат буйруқ ва қайтариқлардан иборат. Яъни, Аллоҳ таолонинг буйруқлари бизга фойда бўладиган нарсалар, қайтариқлари эса зарар бўлган нарсалардир. Агар биз ҳам худди коинот итоат қилгани каби шариат қонунларига итоат қилсак, ҳаётимизда мувозанат ҳосил бўлади. Шариатнинг фойдасини ҳаётимизга олиб кирмасак, зарарли нарсаларни ҳаётимиздан чиқариб ташламасак ҳалокатга учрашимиз ҳеч гап эмас. Azon TV томонидан тайёрланган “Тафаккур қилмайсизми?..” кўрсатувининг навбатдаги сонида ана шу қонун доирасидаги мўъжизалардан бири – тупроқ ҳақида сўз юритилади.
Замонавий геолог олимларнинг фикрича, тупроқ тирик организм ҳисобланади. Унинг таркибида миллионлаб қурт-қумурсқалар, ҳашаротлар, бактериялар мавжуд ва уларнинг ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Ўрмонларда дарахтлардан барглар тўкилади. Тупроқ таркибидаги микроорганизмлар шу билан озиқланиши керак, лекин тупроқ бу баргларни хом ҳолатида ўзига қабул қила олмайди. Бунда баргларга қайта ишлов берилиши талаб этилади. Ана шу жараёнда қўзиқоринларнинг хизмати катта экан. Чунки улар баргларни чиритиб беришаркан. Шу билан бирга баргларни кемириб, тупроқ учун тайёрлаб берадиган микроорганизмлар ҳам бор. Барглар чириб тайёр ҳолатга келгач, улар тупроқ учун ўғит вазифасини ўтайди.
Ернинг устига бирор бир мева тўкиладими ёки унинг устида бирор бир ҳайвон ўлиб қоладими, унинг танасини чиритадиган, ерга озуқа бўлиши учун уни қайта ишлайдиган махлуқотлар бор. Пашшани ўлик ҳайвонларга тухум қўйган қуртлари кўпайиб, чириган танани кемиради. Қўнғизлар ҳайвонларнинг гўнги билан шуғулланади. Олимлар бу жараёнларни тозаланиш, покланиш деб номлашар экан. Аллоҳ таоло уларни айнан мана шу вазифага йўналтириб қўйган. Умуман олганда Ер ўзини поклаш билан шуғулланар экан.
Тупроқ таркибида миллион хил бактериялар ҳам мавжуд бўлиб, улар ўсимликларни ўсиш суръатига хизмат қилар экан. Яъни, бактерия қанча кўп бўлса, ўсимлик шунча тез ўсади. Демак тупроқ таркибидаги ҳар бир мавжудот ўз вазифасини мукаммал адо этмоқда. Тафаккур қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло шунча махлуқотларни ҳатто майдаларини ҳам инсонларнинг хизматига қўйибди, шукр қилмаймизми?
Аллоҳ таоло бизга берган неъматлардан оладиган қувватимиз ибодатга сарфланиши керак, шунда унинг шукри адо этилади. Чунки бу неъматлардан ҳали биз сўраламиз. Аллоҳ таоло ерни инсонлар учун ниҳоятда баракали этиб қўйди. Баракаси шундаки, дастурхонимиздаги жамики неъматлар ердан чиқади. Ёки, мисол учун, унга бир дона буғдой донини ташласангиз 700 баравар бўлиб ҳосил беради. Биргина уруғ экилса, бутун бошли дарахт бўлиб унади.
“Тафаккур қилмайсизми?..” кўрсатувининг ушбу мавзуга бағишланган сонида тупроқ таркибидаги, Ер юзидаги Аллоҳ таолонинг махлуқотлари инсон учун хизмат қилиши, инсоннинг хизмати эса Роббисига ибодат ва итоат этишида эканлиги ҳақида сўз боради.
Мавзуга оид

23:49 / 08.11.2022
Олимлар минг йилдан кейин яшовчи одам қандай кўринишда бўлишини тахмин қилишди

03:21 / 27.05.2021
Олимлар инсон энг кўпи билан неча йил умр кўриши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишди

13:11 / 06.09.2020
Олимлар инсон учун энг бахтсиз ёшини маълум қилишди

08:36 / 27.05.2020