Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Сурияда рус ҳарбийлари ҳалок бўлганини тасдиқлади
Россия Ташқи ишлар вазирлиги январь ойида Идлибда россиялик ҳарбий мутахассислар фожиали тарзда ҳалок бўлишганини тасдиқлади. Лекин ҳодиса тафсилотлари, айнан кимлар ва қандай хизматни ўтаётганлар ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аввалроқ ОАВ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)нинг махсус топшириқларни бажарадиган маркази ҳарбийлари Сурияда ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Идлибдаги қишлоқ, Ҳалабдан 45 км масофада. 2020 февраль
«Январь ойи ўрталарида россиялик ва туркиялик ҳарбийлар Идлибдаги деэскалация ҳудудида яна бир марта «сукунат режими»ни ўрнатмоқчи бўлишган. Аммо террорчилар ўз ҳарбий фаоллигини камайтириш ўрнига ҳужумлар сонини оширишган», дейилади Россия ТИВ хабарида.
Вазирлик маълумотида январь ойининг иккинчи ярмида террорчилар мингдан ортиқ ҳужумлар уюштиргани айтилган.
«Сурия ҳарбийлари ва тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар ҳамда жароҳатланганлар сони юзга яқин. Шунингдек, россиялик ва суриялик ҳарбий мутахассислар ҳам фожиали равишда ҳалок бўлишган», дея қўшимча қилинади хабарда. Вазирлик айнан қанча россиялик ҳалок бўлганига аниқлик киритмаган.
2 февраль куни телеграмдаги Baza канали ва Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи Идлиб билан чегарадош бўлган Ҳалаб ҳудудида Россия Федерал хавфсизлик хизмати махсус топшириқларни бажарадиган марказининг 4 нафар зобити ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.
Кўп ўтмай Федерал хавфсизлик хизматининг Тамбов области бошқармаси «Коммерсант»га ўзининг собиқ ходимларидан бири - лейтенант Всеволод Трофимов ҳалок бўлганини тасдиқлади.
«Новая Газета» нашри маълумотига кўра, Латақия яқинида Булат Ахматьянов, Руслан Гимадиев, Дмитрий Минов ва Всеволод Трофимов ҳалок бўлган. Бу ҳудудда Туркия ва Сурия ҳарбий доиралари амалдорлари учрашуви ўтказилиши режалаштирилган, Россия томони эса уларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак эди.
ОАВ маълумотига кўра, ФХХ ходимлари мерганлар бўлган ва улар минган автомобиль минага тушиб портлаб кетган. Бошқа хабарларга кўра эса, уларнинг автомобили миномётдан ўққа тутилган.
Бу хабарлар Идлибдаги вазият кескинлаша бошлаган вақтда пайдо бўлди. Айни вақтда Сурия ҳукумати қўшинлари шимол томон ҳужум бошлаган. Шу туфайли провинциянинг юз минглаб аҳолиси яшаш жойларини тарк этиб, Туркия билан чегаралар томон йўл олган.
2 февралга ўтар кечаси Туркия ҳарбийлари Сурия ҳукумати қўшинлари томонидан артиллерия орқали ўққа тутилгани ва олти нафар туркиялик аскар ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бу ҳужумга жавобан Туркия қўшинлари Башар Асад армияси позицияларига зарба берган, бунинг оқибатида суриялик ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлганди.
Идлиб - Суриядаги айирмачиларнинг сўнгги таянчи ҳисобланади. Бу 2017 йилда Астанадаги учрашув вақтида келишилган, Асад армияси назоратига ўтмаган тўртта деэскалация ҳудудидан биридир. Сурия ҳукумати ҳарбий амалиётни давом эттирса, уларни нафақат ҳаводан, балки қуруқликда ҳам қўллаб-қувватлаб ҳаракатланаётган россиялик ҳарбийлар ҳам хавф остида қолишади.
«Коммерсант» нашри маълумотига кўра, россиялик тўрт жангчининг ўлими 1 февраль куни рўй берган. Нашр манбаси гап ФХХнинг «С» («Смерч») ва «К» («Кавказ») бўлинмалари зобитлари ҳақида кетмоқда.
Суриядаги мухолифатчиларнинг Syria TV телеканали хабарига кўра, улар Ҳалабдан шимоли-ғарбда жойлашган Захра тумани ҳудудида ҳалок бўлишган.
«Манба маълумотига кўра, россияликларнинг жасади аввалига мухолифатчилар қўлига тушган, Сурия армияси ҳужумни кучайтиргач эса улар жасадларни қолдириб чекинишган», дея ёзади «Коммерсант».
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Сурияда россияликлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ хабарни изоҳлашдан бош тортди ва Мудофаа вазирлигига мурожаат қилишни тавсия этди. Вазирликдагилар ҳозирча вазият бўйича изоҳ бермаган. Шу билан биргаликда, Песков президент Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Идлибдаги вазиятни муҳокама қилиши мумкинлигини истисно этмаган.
Мавзуга оид

12:58 / 22.12.2024
Янги Сурия қандай бўлади: Идлиб кўчаларидан қиёс

21:06 / 05.12.2024
Ҳалабни ким ва қандай қилиб эгаллади? Сурия урушидаги асосий 10 савол

16:09 / 05.12.2024
«Аввал бин Лодинга тақлид қилган, кейин костюм кийиб олган» — Асад режимига қарши кучлар етакчиси ҳақида

19:51 / 04.12.2024