Жаҳон | 00:25 / 25.04.2020
11821
2 дақиқада ўқилади

99 ёшли уруш фахрийси коронавирусга қарши курашга 30 млн фунт стерлинг йиғди

Британиялик 99 ёшли қария, Иккинчи жаҳон уруши фахрийси ўз боғидаги челленж давомида 30 млн фунт стерлинг йиға олди. Қария пулларни коронавирусга қарши курашаётган ташкилотларга хайрия қилмоқчи. 

Фото: Legion-media

30 апрелда 100 ёшини қаршилайдиган Том Мур исмли эркак коронавирусга қарши курашга 30 млн фунт стерлинг йиға олди. Бунинг учун у 100 ёшга тўлишига қадар 25 метрлик боғида 100 марта айланиб чиқишни ўз зиммасига олган. 

Қария карантин киритилиши олдидан тос-сон бўғимида жарроҳлик операциясини бошдан ўтказган. Шифокор унга тикланиш учун сайр қилишни тавсия қилган. Бироқ британиялик буни фойда билан қилишга қарор қилган.

9 апрелда у ўз боғида деярли 3 кмлик масофани босиб ўтиш бўйича челленж бошлаган ва барча бефарқ бўлмаганларни хайрия қилишга чақирган.

Фахрийнинг айтишича, у минг фунт стерлинг йиғишни режалаштирган. Бироқ бу сумма тезда йиғилган ва Мур суммани 10 минг фунт стерлинггача оширган. Бироқ бу суммани ҳам тезда янгилашга тўғри келган.

Фото: Legion-media

Қария ҳақида бутун мамлакат хабар топган. У ҳар куни юзлаб миннатдорлик мактублари олмоқда. Мурнинг таъкидлашича, унга ҳозирдаёқ 70 мингта откритка жўнатишган.

“У ажойиб иш қилмоқда. У 99 ёшли фахрий, яъни ҳар доим олд сафда бўлган. У ҳозир ҳам ўша ерда қолмоқда ва ўз қатъияти билан барчамизни илҳомлантирмоқда”, деб айтишган онлайн-интервьюлардан бирида Британия шаҳзодаси Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Миддлтон.

Таъкидланишича, 16 апрелда Мур ўз “марафони”ни якунлаётган вақтда унинг боғида у бир вақтлар хизмат қилган Йоркшир полки ҳарбийларидан иборат фахрий қоровул уни олқишлаб саф тортиб турган.

Шуниси маълумки, қария Pride of Britain (“Британия фахри”) мукофоти билан тақдирланмоқчи.

Мавзуга оид