Жаҳон | 01:00 / 25.04.2020
12438
3 дақиқада ўқилади

Актёр Том Ҳэнкс Корона исмли болага тасалли берди

Австралиялик Корона Де Врис исмли 8 ёшли бола Ҳолливуд актёри Том Ҳэнксга мактуб ёзиб, синфдошлари уни исми учун мазах қилишаётганини сўзлаб берган.

Фото: Reuters

Бу ҳақда New York Post нашри хабар берди

Таъкидланишича, болакайнинг ота-онаси уни Қуёш атмосферасининг тожсимон ташқи қисмига атаб Корона (Тож) деб номлашган. Бироқ боланинг тенгқурлари уни коронавирус деб мазах қила бошлашган. Бола актёр ва унинг рафиқаси коронавирусга чалинганидан хабар топиб, актёрнинг соғлиғи ҳақида билмоқчи бўлган. 

“Ҳурматли мистер Ҳэнкс, менинг исмим Корона. Мен янгиликлардан Сиз ва рафиқангиз коронавирусга чалинганингиздан хабар топдим. Сиз ўзингизни яхши ҳис қилмоқдамисиз?”, деб бошлаган Корона мактубини ва уни ўз муаммосини сўзлаб бериш билан давом эттирган.

Актёрдан мактубга жавоб 10 апрелда келган. Ҳэнкс, шунингдек, болага ўзининг Smith Corona русумидаги босма машинкасини совға сифатида юборган. Таъкидланишича, актёр бу машинкани вирусга чалинган жойи - Австралияга ўзи билан бирга олиб кетган. 

“Менга ва рафиқамга сендан мактуб олиш жуда ёқимли бўлди. Сенинг мактубинг сабабли мен ўзимни янада яхшироқ ҳис қилдим. Бу машинка сенга асқотади, деб ўйлайман. Катталардан унинг ишлаши ҳақида билиб ол ва менга жавоб ёзишда ундан фойдалан”, деб ёзган актёр боланинг мактубига жавобан.

“Сен Корона исмли мен биладиган ягона инсонсан, Қуёш атрофидаги тож кўринишидаги ҳалқа каби”, деб қўшимча қилган Ҳэнкс. 

У мактуби охирида “Ўйинчоқлар тарихи” мультфильмидаги иборани келтириб ўтган: “Постскриптум: Сен менда дўст топишинг мумкин” (You got a friend in ME!). 

Болакай актёрнинг мактубини олиб жуда хурсанд бўлган. 

“У мени дўсти деб атади!”, деб гапириб берган Корона бу ҳақида Reuters ахборот агентлигига ва яқин орада актёрга яна бир мактуб йўлламоқчилигини қўшимча қилган.

12 март куни Том Ҳэнкс ва унинг рафиқасида коронавирус ташхиси қўйилган. Шундан кейин улар Ғарбий Австралиядаги Голд-Кост шаҳрида жойлашган шифохонага жойлаштирилган. 5 кундан кейин жуфтлик соғайиб, шифохонадан чиққан.

Мавзуга оид