Жаҳон | 17:18 / 20.06.2020
3894
1 дақиқада ўқилади

Johnson & Johnson теридаги қора доғларни йўқотувчи косметика воситаларини ишлаб чиқаришни тўхтатади

Компания АҚШда ирқчилик ва тенгсизликка қарши курашишга 10 млн доллар сарфлашини маълум қилди.

Фото: Justin Sullivan / Getty Images

Американинг Johnson & Johnson компанияси теридаги қора доғларни йўқотишга мўлжалланган косметика воситаларини бошқа ишлаб чиқармасликка қарор қилди. Бу ҳақда компания баёнотига асосланиб The New York Times газетаси хабар берди.

Газетанинг ёзишича, айрим харидорлар бу воситадан териларини оқартириш учун фойдаланмоқда.

Қайд этилишича, Clean & Clear Fairness креми Ҳиндистонда энг харидоргир маҳсулотга айланган. 

Компания АҚШда ирқчилик ва тенгсизликка қарши курашишга 10 млн доллар сарфлашини маълум қилди.

Аввалроқ Dreyer компанияси Аляска, Чукотка, Гренландия ва Канада шимолида яшовчи эскимослар таҳқирланмаслиги учун Eskimo Pie десерти номини ўзгартиришга қарор қилганди.

Бундан ташқари, PepsiCo ва Mars компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари логотипини ўзгартиришини эълон қилди.

Кейинги ҳафталарда Миннеаполисда полиция қўлга олаётганда ҳалок бўлган Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг ирқчиликка қарши намойишлар фонида ижтимоий тармоқларда брендлар тез-тез муҳокама қилинмоқда.

Мавзуга оид