Ўзбекистон | 16:22 / 11.01.2021
18323
5 дақиқада ўқилади

«Навоийча тендер-2». Вилоятдаги кўплаб қурилиш ишлари амалдорларга алоқадор компаниялар томонидан бажарилган

Навоий вилоятидаги қурилиш бўйича давлат буюртмалари Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясига раҳбарлик қилган ёки унда ваколатли шахс сифатида ишлаган ходимларнинг ўзи ва оиласига алоқадор компаниялар томонидан бажарилиши одатий ҳолга айлангани маълум бўлди.

Маълум бўлишича, 2018 йилда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига раҳбарлик қилган Воҳид Мустафоевич Бобомуродовга тегишли «Navoiy Tears Invest» МЧЖ охирги йилларда камида 30 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини олган.

Davletovuz канали муаллифи очиқ маълумотларга асосланиб ёзишича, Воҳид Бобомуродовнинг яқин қариндоши, укаси Обид Мустафоевич Бобомуродов «FARXOD FAROVON LYUKS» МЧЖга эгалик қилади.

Баъзи танлов ҳужжатларида фақатгина мана шу икки компания иштирок этган давлат буюртмалари ҳам борлиги қайд этилган. Навоий шаҳрида «Бандликка кўмаклашиш марказига ёрдамчи бино қуриш» объекти шулар жумласидан.

Очиқ маълумотларга кўра, Воҳид Бобомуродовнинг яна бир укаси —Зоҳиджон Мустафоевич Бобомуродов ҳам 2020 йилнинг апрелида турар жой қуришга ихтисослашган «STRONG ORIENTAL HOUSES» МЧЖни ташкил қилган. Мазкур масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги улушнинг ярми Фаррухжон Қобулович Турсуновга тааллуқли. Суриштирув муаллифи Фаррухжон Турсунов вилоят ҳокими Қобул Турсуновнинг фарзанди бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Воҳид Бобомуродовнинг «Navoiy Tears Invest» МЧЖ 2020 йилнинг ноябрида Навоий шаҳрида «Ишга марҳамат» моно-маркази яратиш бўйича қарийб 22 миллиард сўмлик тендерни ютган. Шунингдек, ушбу компания «Strong Home» бренди остида аҳоли учун кўп қаватли уй-жойлар ҳам қуради.

Davletovuz маълумотига кўра, Навоий вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясида маълум вақт технадзор бўлиб ишлаган Карим Бобоқулович Баракаев ҳам «Baraka-Bino» МЧЖга эгалик қилади.

«Карим Баракаев кейинчалик бўлиб ўтган суд ишларидан бирида компания унга тегишли эканлигини яширмаган. 2018 йил февралида ташкил этилган мазкур корхона аллақачон, ҳисоб-китобларимизга кўра, қарийб 13 млрд сўмлик давлат буюртмаларини олишга улгурган», деб ёзмоқда блогер.

Канал муаллифининг ёзишича, жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти туманлари судлари ҳужжатларини ўрганиш қурилишдаги давлат буюртмалари атрофида коррупциянинг бошқа турлари, шу жумладан, «откат» ва фирибгарлик ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди.

Бундан ташқари, давлат буюртмаларида иштирок этиб келаётган компаниялар раҳбарлари жуда кўп миқдордаги фойда ва қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлашда айбланган. Масалан, «Zarafshon Best Build» МЧЖ раҳбари Сардор Баҳодирович Бекназаров 217 миллион сўм 240 минг 400 сўмлик солиқни тўламаган. Суд эса унинг «муқаддам судланмагани, унча оғир бўлмаган жиноятни содир этишда айбланаётгани, тадбиркорлиги, бугунги кунда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келаётгани, давлатга етказилган зарарни қоплагани...»ни ҳисобга олиб, жавобгарликдан озод қилиб, жиноят ишини тугатишни лозим топади.

Аввалроқ, Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори Баҳодир Мансуров оиласига тегишли бўлган «Mexrangez B-2002» МЧЖ бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақида суриштирув эълон қилинганди.

Шунингдек, Андижонда давлат буюртмаларини буюртмачининг ўзига тегишли компаниялар тақсимлаб олгани маълум бўлганди. Хусусан, «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган «Milano Biznes Servis» МЧЖга қарийб 20 миллиард сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган. Андижон вилояти прокуратураси қурилишлардаги манфаатлар тўқнашувини текширмоқда.

Davletovuz канали Жиззах вилоятида ҳам вилоят ҳокими ўринбосари қариндошларининг компаниялари бир неча юз миллиард сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани ҳақида хабар берганди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизига тегишли компания кўчаларга гул экиш бўйича бир неча миллиард сўмлик тендерларни ютиб олгани, Хоразмда вилоят ҳокимининг тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини қўлга киритгани маълум бўлганди.

  • Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни парламентга мурожаатида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишини таъкидлаган эди.
  • Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг маълум қилишича, танлов ва тендерлар ўтказишдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб, тендерлар тўлиқ электрон шаклда ўтказилади.

Мавзуга оид