Жаҳон | 15:34 / 06.05.2021
36026
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон чегарадаги низо қурбонлари ва жароҳатланганлар сони бўйича расмий маълумот берди

Қирғизистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувларда Тожикистоннинг 19 фуқароси ҳалок бўлиб, 87 киши жароҳатланган.

Фото: Сўғд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати тожик-қирғиз чегарасида рўй берган қуролли зиддият оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар рўйхатини эълон қилди.

Қурбонлар (19 киши) ва жароҳатланганларнинг (87 киши) оилаларига Тожикистон ҳукумати томонидан 3 миллион сомоний ажратилган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг топшириғига кўра, Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ва Тожикистон  миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали қурбонларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларга мамлакат раҳбарияти номидан ҳамдардлик билдиришган.

«Мамлакат президенти топшириғига кўра қурбонларнинг оилаларига 70 минг сомоний миқдорида (6200 доллар атрофида) кўмак кўрсатилди», - дейилади хабарда.

Жароҳатланганлар учун бир марталик ёрдам миқдори 10-20 минг сомонийни ташкил этган.

«Ҳукумат қурбонларнинг оилаларини ҳеч қачон ташлаб қўймайди ва ҳамиша уларни, шу жумладан, марҳумларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш чораларини кўради. Болаларни вояга етгунга қадар ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўрта мактабларни тамомлаганларидан кейин олий таълим муассасаларида ўқиши учун уларга квоталар тақдим этилади», - дея ваъда берган ҳудуд раҳбари.

Қўшимча қилинишича, ҳукумат қурбонлар хотирасига ёдгорлик ўрнатади.

Чегарадаги низо
28 апрель куни қирғиз-тожик чегараси ҳудудида, Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғида жойлашган «Бош» сув тақсимлаш пунктида икки мамлакат аҳолиси вакиллари ўртасида кичик тўқнашув рўй берди, 29 апрель куни бу низо ҳарбийлар иштирокидаги қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўртасидаги отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари ҳам давом этди.

1 май куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон миллий хавфсизлик хизматлари раҳбарияти ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни чегарадан аввалги жойига қайтариш тўғрисидаги протоколни имзолашди.

Тўрт кунлик зиддият вақтида Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлган, 189 киши жароҳатланган. ОАВ Тожикистон томонининг йўқотишлари 19 киши бўлиб, 88 киши жароҳат олгани ҳақида хабар тарқатганди.

Мавзуга оид