Жаҳон | 23:45 / 10.05.2021
18804
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қирғизистон ва Тожикистонга чегарадаги низони бартараф этишда ўз ёрдамини таклиф қилди

Жонатан Ҳеникнинг сўзларига кўра, АҚШ Бишкек ва Душанбедаги элчихоналари орқали ҳар икки давлат раҳбарлари билан бевосита мулоқотда бўлиб турибди.

Фото: РИА Новости

АҚШ чегарадаги низони бартараф этишда Қирғизистон ва Тожикистонга ҳар қандай қўллаб-қувватловни таклиф этади. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Ҳеник маълум қилди.

У Вашингтон Атлантика кенгаши томонидан ўтказилган интернет семинарда АҚШ Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги воқеаларнинг охирги ривожидан мамнунлигини таъкидлади.

«Аммо вазият изига тушди деб ўйлай олмаймиз. У изига тушмади. Аҳолининг ўз уйларига қайтиши ва низо ҳудудида тиклаш ишларини олиб бориш учун тинчлик ва барқарорлик талаб қилинади», – деди у.

Ҳеникнинг сўзларига кўра, АҚШ Бишкек ва Душанбедаги элчихоналари орқали ҳар икки давлат раҳбарлари билан бевосита мулоқотда бўлиб турибди.

«Уларнинг Вашингтондаги элчихоналари билан ҳам алоқадамиз. Биз низони ҳал қилишни ҳар қандай усул билан қўллаб-қувватлашни таклиф қилдик», – деб таъкидлади у.

28 апрель куни қирғиз-тожик чегараси ҳудудида, Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғида жойлашган «Бош» сув тақсимлаш пунктида икки мамлакат аҳолиси вакиллари ўртасида кичик тўқнашув рўй берди, 29 апрель куни бу низо ҳарбийлар иштирокидаги қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўртасидаги отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари ҳам давом этди.

1 май куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон миллий хавфсизлик хизматлари раҳбарияти ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни чегарадан аввалги жойига қайтариш тўғрисидаги протоколни имзолашди.

Тўрт кунлик зиддият вақтида Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлган, 189 киши жароҳатланган. Тожикистон томонининг йўқотишлари 19 киши бўлиб, 87 киши жароҳат олган.

Мавзуга оид