Тошкентда ўпкаси пневмониядан 65 фоиз зарарланган, инфаркт ва инсультга чалинган оғир бемор муваффақиятли операция қилинди
ССВ Ўзбекистонда илк бор бир пайтнинг ўзида ҳам коронавирус оқибатида ўпкаси 65 фоиз зарарланган, ҳам инфаркт, ҳам инсультга чалинган ўта оғир аҳволдаги 60 ёшли беморда мураккаб юрак операцияси муваффақиятли ўтказилгани ҳақида хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Тошкент шаҳридаги клиникалардан бирига «Тез ёрдам» бригадаси томонидан шошилинч равишда олиб келинган оғир аҳволдаги беморда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
«Сопороз ҳолатида, оёқлари шишиб кетган, ётолмайдиган аҳволдаги 60 ёшли онахонни Россиядаги етакчи клиникаларда узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ярбеков бошчилигидаги тиббиёт ходимлари зудлик билан жонлантириш бўлимига олишди.
Тезкор текширувлардан сўнг вазият ўта жиддий эканлиги маълум бўлди. Коронавирусга чалиниб, ўпкаси пневмониядан 65 фоиз зарарланган, ўпка плевра бўшлиқларида сув йиғилган беморга юрак инфаркти ташхиси қўйилди. Буям етмаганидек, онахон бир пайтнинг ўзида инсультни бошдан ўтказаётгани аниқланди. Устига устак, инфаркт асоратида юрак деворлари ёрилиши диагнози чиқди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
«Бемор коронавирусдан азият чекаётган, ўпкаси жиддий зарарланган ҳолатда сунъий нафас олиш аппаратидан чиқа олармикан, деган жиддий хавотиримиз бор эди.
Аммо онахонни зудлик билан жарроҳлик столига ётқизмасак, ҳаётини сақлаб қола олмасдик. Шу боис, оила аъзолари ва яқинлари розилиги билан дастлаб унда коронарография амалиётини ўтказдик. Учта томирида шикастланиш, торайиш ва ёпилиш аниқланиб, аорта-коронар шунтлаш ва юрак ёрилган деворини пластика қилиш операцияси бажарилди», дейди Рустам Ярбеков.
Бу жараён беш соатдан зиёд давом этган ва мураккаб операция муваффақиятли якунланган.

Ҳозирда бемор Лариса Нурлибаеванинг аҳволи яхши. У икки ҳафта ичида соғайиб кетган, ўпкасида сув йиғилмаяпти, кислород ускунасисиз бемалол нафас олмоқда, оёқларидаги шишлар қайтган, эркин ҳаракатланмоқда. Шунингдек, юрак ва ўпка етишмовчилиги белгилари тўлиқ бартараф этилган.
«Тошкент вилоятининг Янгийўл туманиданман. Ўз вақтида вакцина олмаганим туфайли коронавирусга чалиниб, ўпкам пневмониядан 65 фоиз зарарланибди. Шунинг асоратларидан юрагимда жуда қаттиқ оғриқ турди, нафас олишим қийинлашиб бораверди. Сўнг ҳушимни йўқотибман.
Дўхтирларимиздан умрбод миннатдорман. Мени ҳаётга қайтаришди. Илгари бундай операциялар фақат баъзи чет мамлакатларда ўтказилади, деб эшитгандим. Мана, Ўзбекистон тиббиётида қисқа вақтда шундай катта ўзгаришлар. Ҳозир оғриқлар безовта қилмаяпти. Аҳволим яхши, тез орада уйимга жавоб беришади.
Шу ўринда юртдошларимизга бир гапни айтмоқчиман. Коронавирусга қарши тезроқ эмланинг. Айниқса, ёши катта, қолаверса, ёндош касалликлари бор инсонлар вакцина олишни асло кечиктирмаслиги керак экан, деган хулосага келдим», деган у.
Мавзуга оид

20:35 / 01.04.2025
Россияда тарқалаётган «номаълум вирус» микоплазма пневмонияси бўлиб чиқди

22:32 / 22.03.2025
Инсультдан кейин физиотерапия ўрнини босадиган дори яратилди

17:40 / 14.03.2025
Ёшлар орасида миокард инфаркти кўпайиб бораётгани сабаблари айтилди

14:36 / 04.01.2025