Жамият | 13:18 / 20.01.2022
13206
8 дақиқада ўқилади

“LinkedIn” орқали иш таклифи, бонуслар ва даромад – Германиядаги дастурчи ҳикояси

Uzbek.life’нинг бу галги суҳбатдоши Германиядаги нуфузли Anaconda компанияси муҳандис дастурчиси Жаҳонгир Раҳмонов бўлди. Қаҳрамонимиз Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаган.

Фото: Жаҳонгир Раҳмоновнинг шахсий архивидан

“LinkedIn” орқали иш таклифи келган

Андижонда туғилганман. Лекин, Наманганда яшаб улғайганим учун мактаб ва академик лицей таҳсили “гуллар шаҳри”да кечган. 

Кейин Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида грант асосида ўқидим. Икки йил олдин Германияга кўчиб келдим. 

Бу ерга келиш жараёни қизиқ бўлган. Аниқроғи, Тошкентда ишлаб юрган пайтларим менга “LinkedIn” платформаси орқали Delivery Hero’да ишлаш таклифи келди. Ҳужжатларимни онлайн равишда тақдим қилдим. Бир қатор синовлардан ўтганимдан кейин улар менга иш таклифини юборишди ва мен уни имзоладим. Бироқ ўртада виза олиш жараёни чўзилди. Ниҳоят 2019 йил охирида Германияга, Delivery Hero компаниясининг Бош штаб-квартирасида муҳандис дастурчи сифатида ишлаш учун кўчиб келдим.

Ҳозир эса Anaconda компаниясида  ишлаб келяпман.

Фото: Жаҳонгир Раҳмоновнинг шахсий архивидан

Жиноят, ўғрилик ва коррупцияга гувоҳ бўлмайсиз

Германиянинг ижобий тарафлари кўп. Масалан, биргина мамлакатнинг Европа қитъасида энг кучли иқтисодиётга эга эканлигини айтишим мумкин. Бу ўз навбатида маҳаллий аҳолининг яшаш шароитига ижобий таъсир кўрсатган. Қолаверса, бу ерда жиноят, ўғрилик ва коррупция ҳолатларига деярли гувоҳ бўлмайсиз. Немислар ҳам очиқфеъл, кўмак беришни ёқтирадиган халқ. 

Транспорт соҳасида ҳам инфраструктура жуда яхши йўлга қўйилган. Поездлар, метролар, трамвайлар, автобуслар, ҳаммаси яхши ишлайди. Айниқса, велосипед ишқибозларига шароит қилиб берилган. Шунинг учун аксарият ҳамкасбларим ишхонага велосипедда қатнашади.

Шунингдек, Германияда чарчаган пайтингизда дам олиш учун етарлича парклар, манзарали масканлар бор. Мавзудан четга чиқсам-да, Ўзбекистонда бундай кўкаламзор ҳудудлар тобора камайиб бораётганидан кўнглим хира тортади.

Маркетингда айрим хатоликлар бор

Дастурчи бўлсам-да, “электрон қоғоз қоралашни”, аниқроғи, тажрибаларим ва соҳадаги янгиликларни улашишни ёқтираман. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда бир нечта блог саҳифалар юритаман. Улар орқали соҳага қизиқувчи ва кириб келмоқчи бўлганларга ўз тавсияларимни улашиб тураман. Масалан яқинда менга IT ўқув марказлари очиш ва юритиш бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилишди. Тўғри, бу соҳада тадбиркор бўлмасам-да ўзимнинг тасаввурларим етарли. Яъни маркетинг нуқтайи назардан тавсия бера оламан.

Ўзбекистонда аксарият IT ўқув марказлари ўзларини реклама қилишда “Бу ўқув марказида сиз Java, Python ва бошқа тилларни ўрганасиз!” мазмунидаги жумлалардан фойдаланишади. Агар мен IT йўналишида ўқув маркази очганимда, маркетингни қайси тиллар ва технологиялар ўргатилишига қаратмаган бўлардим. Фикримча, қандай лойиҳалар қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот улашиш самаралироқ бўлади. Чунки, Ўзбекистонда дастурлаш тилларини кўпчилик билавермайди.

Шундан келиб чиқиб реклама баннерларида “Бу ўқув марказида сиз Telegram Bot, Микросервислар асосида ёзилган Web лойиҳа ёзишни, ўзи юрадиган авто-машина қилишни ўрганасиз” мазмунидаги гаплардан фойдаланиш керак.

Фото: Жаҳонгир Раҳмоновнинг шахсий архивидан

Дастурчиларда ойлик ягона даромад манбайи эмас 

Очиғи, фаолиятим ортидан айнан қанча даромад топаётганимни айта олмайман. Чунки ойлик-маошларни айтиш ҳозирги иш жойим қоидаларига зид. Яъни NDA (non-disclosure agreement) орқали ҳимоя қилинади.

Дастурчиларда, умуман IT оламида, ойликлар бошқа соҳаларга нисбатан яхшироқ. Лекин ойликлар ягона даромад манбайи эмас. Ундан ташқари ҳам яхшигина қўшимча маблағ топса бўлади.

Буларни қуйида айтиб ўтаман:

Акциялар: IT компаниялар қайсидир даражага етган ишчиларини ҳеч ҳам қўйиб юборгиси келмайди. Шунинг учун ҳам уларга ойликдан ташқари акцияларни ҳам беради. Қўшимча мотивация сифатида. Масалан, «сен биз билан яна 4 йил ишласанг ҳар йил сенга 10 000 АҚШ долларига тенг бўлган акцияларни бериб борамиз», дейиши мумкин. Масалан, Google’да 11 йил ишлаган Тилек Мамутовда шу акцияларнинг қиймати 1 миллион АҚШ долларидан ошган.

Relocation бонус: сиз масалан Ўзбекистондан туриб айнан иш учун АҚШ ёки Германияга кўчиб ўтаётган бўлсангиз, сизнинг иш берувчингиз шу кўчиш харажатларини қоплаш учун сизга пул беради. Масалан Delivery Hero’да бу сумма уйланмаганлар учун тахминан 4000 евро, оилалилар учун эса 5000 евро эди.

Referral бонус: IT компанияларига ҳар доим ишчи керак бўлади. Шундай керак бўлган ишчилардан бирортасини топишга ёрдам берсангиз, компания сизга ёрдамингиз учун бонус беради. Масалан, Anaconda’да бу сумма 5000 еврога тенг.

Sign-on бонус: Айтганимдек, IT компанияларига ишчи ҳар доим керак бўлади. Шунинг учун ҳам зўр ишчиларни ўзларига ўтказиб олиш учун бу компаниялар кўп нарсага тайёр. Шу нарсалардан бири бу sign-on бонус. Яъни сиз компанияга ишга кирганингиз учун ва бошқа компанияга кирмаганингиз учун тўланадиган пул. Масалан мен Anaconda’га ўтишим учун 10 000 евро таклиф қилишганди. Танишларим эса, 25 000 еврогача олган.

KPI бонус: Компаниялар одатда ўзларига ойлик/чораклик/йиллик мақсад қўяди. Шу мақсадларга эришган эришмаганлигига қараб ҳар хил бонуслар бериши мумкин. Масалан Anaconda’га ҳамма мақсадларга эришсак йилига 10 фоиз бонус бериши мумкин. Бу дегани масалан 100 000 АҚШ доллари йилига олсангиз, бу бонус билан 110.000 АҚШ доллари бўлади, дегани.

Бу сонлар ва бонуслар турлари, албатта, компанияларга қараб ўзгариб туради. Бу энг машҳурлари холос.

Фото: Жаҳонгир Раҳмоновнинг шахсий архивидан

Асосан Тошкентда деб биламан

Ўзбекистонда айниқса математика ва бошқа аниқ фанлар яхши ўргатилади. Инглиз тилини биладиганлар ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Булар эса биргаликда IT’ни ўрганиш учун энг керакли фанлар. Менимча IT соҳасини ривожлантириш учун аввало, электр-энергия муаммосини ҳал қилиш лозим. Афсуски Тошкентдан ташқарида бу ҳалигача катта муаммо. Интернет қамрови ва тезлигини ошириш ҳам керак. Кейин IT соҳаси ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарур. Албатта, бу борада кўп ишлар олиб бориляпти, бироқ асосан Тошкентда деб биламан. Бошқа чекка вилоятларга ҳам тажрибали дастурчиларни жўнатиб, доимий воркшоплар уюштириш зарур, деб ҳисоблайман. Воркшопларда ҳар хил вебсайтлар, ўйинлар қилса бўлади.

Менимча, бунинг ортидан соҳага қизиқадиганлар албатта кўпаяди.

Пассив даромадимни кўпайтирмоқчиман

Келажакда Stripe, Google, AWS каби компанияларда ишлаб кўриш ниятим бор. Бу менга катта тажриба беради ва фаол даромадимни оширади. Актив даромаддан ташқари, пассив даромадимни кўпайтириш режаларим ҳам бор. Бунинг учун яна бир нечта онлайн курслар тайёрлайман, блог ва телеграм каналимни юритаман. Яқин орада ўзбек тилида ёзиладиган онлайн таълим платформасини ишга туширмоқчиман. У ерда бепул блог постлар ва курслар бўлади. Улар орқали ўқувчиларни биринчи ишига тайёр қилиш ниятим бор. Аминманки, мен ўзим хоҳлагандек қила олсам, битирганлар нафақат иш топа олади, балки ҳамкасбларидан маълум даражада устунроқ ҳам бўлишади.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид