Ўзбекистон | 12:13 / 16.03.2022
8957
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги барча масжидларда ёғингарчилик оқибатларидан паноҳ сўраш дуоси ўқилади

Бугун, 16 март куни пешин намози вақтида Ўзбекистондаги барча жоме масжидларда ёғингарчиликлар оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлиш дуоси ўқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълум қилди.

Фото: Kun.uz

«Маълумки, Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Ҳақ таолодан шу кунларда юртимизда бўлаётган ёғингарчиликларнинг салбий оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб, вақтли намозларда, хусусан, бугун, 16 март куни пешин намозида мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ёғингарчиликлар оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлиш дуоси (ИСТИСЪҲО) ўқилади», — дейилади идора хабарида.

«Истисъҳо» — ёмғир тинишини сўраш дуосига доир маълумотлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида тўлиқ танишиб чиқишингиз мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бир неча ҳафтадан буён ёғингарчилик деярли тинмаяпти. Бунинг оқибатида кўплаб шаҳарларнинг айрим кўчалари сувга тўлган ҳамда машиналар ҳаракати чекланмоқда. Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида йўлларнинг бир қисми ўпирилиб тушди.

Шунингдек, Гидрометереология хизмати узлуксиз давом этаётган ёғингарчиликлар оқибатида, республиканинг 9 та ҳудудида сел келиш хавфи мавжудлигини эълон қилган.

Мавзуга оид