Жаҳон | 13:48 / 15.08.2022
21980
4 дақиқада ўқилади

Ҳамид Карзай АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишини «шармандалик» деб атади

АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши афғонлар учун ҳақоратли ва америкаликларнинг ўзига зарар келтиради, деди Афғонистон собиқ президенти DW’га берган интервьюсида. У хорижга қочмаганини, чунки инсон ўз ватанини қийинчиликда тарк этиши керак эмаслигини маълум қилди.

Фото: AP

Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай АҚШни бир йил аввал ўз мамлакатини тарк этиб, «Толибон» ҳаракатига топширгани учун кескин танқид қилди. «Бу жуда ачинарли. Қўшма Штатларнинг Афғонистондан қандай йўл билан чиқиб кетгани шармандалик бўлди. Бу биз учун ҳақоратли ва Америка халқи учун оғриқли», деди у 14 август, якшанба куни эълон қилинган DW медиакомпаниясига берган интервьюсида.

Карзай толиблар ҳокимиятга қайтиши фонида афғонларни бирлашишга ва ўз ҳуқуқлари, жумладан, қизлар ва аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи учун курашишга чақирди. У муҳожирлик эҳтимолини инкор этиб, қийин пайтларда ватанини тарк этмаслигини таъкидлади. «Бу бизнинг мамлакатимиз. Бу бизнинг уйимиз. Қийин бўлганда уйни тарк этишмайди. Уйда қолиб, уни тартибга келтириш керак. Қисқа ва аниқ», - деди собиқ президент. 

Ҳамид Карзай «Ал-Қоида» етакчиси Айман ал-Завоҳирийнинг америкаликлар томонидан йўқ қилиниши Афғонистонни яна халқаро терроризм ҳомийсига айлантириши мумкин деган фикрга қўшилмади. «Афғонистон ҳеч қачон глобал террорнинг ҳомийси бўлмаган. Афғонистон глобал террор қурбони бўлган. Афғонистон халқи терроризмнинг энг катта қурбонига айланди. Афғонистонликлар бутун дунё бўйлаб террор қурбонларига ҳамдардлик билдиради, чунки бизнинг ўзимиз бундан кўпроқ жабрланганмиз. Афғонлар 11 сентябр фожиаси қурбонларини ёдда тутади, сабаби биринчи бўлиб биз азият чекдик», деди у. 

«Афғонлар - терроризм қурбони, шунинг учун афсуски, улар ҳам терроризмга қарши кураш қурбонига айланишди. Шунинг учун биз террорга ҳеч қандай алоқамиз бўлишини истамаймиз. Ал-Завоҳирий билан бўлган воқеага келсак, америкаликлар у ўлдирилганини хабар қилишди. «Толибон» аз-Завоҳирийнинг Кобулда эканидан хабари йўқлигини ва суриштирув ўтказилишини маълум қилди. Суриштирув якунларини кутамиз», дея таъкидлади Карзай.

Аҳолининг деярли ярми тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган Афғонистондаги оғир иқтисодий вазият фонида Карзай афғонларни ҳамжиҳатликка чақирди. «Мамлакатни бошқаришда бутун афғон халқи иштирок этиши керак. Биродарлар сифатида мен толибларни барча афғонларни, ҳатто уларга қарши бўлган ва қаршилик ҳақида ўйлаётганларни ҳам биродар ва опа-сингил деб билишга чақираман. Улар билан боғланиб, сиёсий жараён, миллий мулоқотга қайтариш керак, токи бирлик муҳитида ва сўз ёрдамида яхшироқ келажак сари йўлни белгилаб олиш лозим. Айнан шу чақириқ билан мен «Толибон»га бир неча бор мурожаат қилганман», деб эслайди Карзай. 

Афғонистон собиқ президенти Афғонистон йўқотиб бўлинган давлат деган фикрни рад этди. «Биз йўқолган давлат эмасмиз. Биз дунёнинг бу қисмидаги энг қадимий давлатлар ва цивилизациялар қаторидамиз. Бу минг йиллик тарихимизда бир лаҳза. У ўтиб кетади ва биз яна оёққа турамиз ҳамда кучли бўламиз. Афғонистон аёллар учун ҳам йўқолмаган. Агар шундай бўлганида, Афғонистон ўзлигини йўқотган бўларди. Бунга йўл қўймаймиз. Аёллар таълим олади. Улар муҳандис, доктор ва журналист, парламент аъзолари бўлишади, ҳаммаси яхши бўлади. Вақти келганда буни кўрасиз», - дея хулоса қилди Афғонистон собиқ президенти. 

Мавзуга оид