Афғонистон фуқаролари Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтгани бўйича қўшимча маълумот берилди
Ҳодисада 2 киши ҳалок бўлган, 6 киши яраланган. Воқеа юзасидан Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ваколатли вакиллари ўртасида ўтказилган музокарада, Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, “ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани” таъкидланган.

Фото: Kun.uz
21 август куни бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, қайиқда Сурхондарё вилояти ҳудудига кирувчи Пайғамбар ороли томон ҳаракатланган, улар ҳудудга етиб борган Ўзбекистон чегара қўшинлари ҳарбийларига қаршилик кўрсатган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, воқеада 2 киши ҳалок бўлган, 6 киши яраланган.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон ва Афғонистон махсус хизматларининг ваколатли вакиллари ўртасида музокара ўтказилган. Унда Ўзбекистон Республикаси қурбонларнинг оилаларига таъзия билдирган.
“Яраланганларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ушланган шахсларни ўз ватанига қайтаришга тайёрлаш жараёнлари якунланмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув давомида “ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани” қайд этилган. Ҳозирги пайтда ҳодиса юзасидан текширув ўтказилмоқда.
“Ҳар икки томон тинчлик тарафдори эканини, барча масалалар ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва бир-бирига ҳурмат асосида ҳал этилишини тасдиқладилар”, – дейилади ТИВ ахборотида.
Аввалроқ ДХХ Чегара қўшинлари Ўзбекистон чегарасини бузганларнинг барчаси – 24 киши қўлга олинганини хабар қилганди.
Улар Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия ўсимлиги илдизини ноқонуний равишда олиб кетишни мақсад қилгани айтилганди.
Мавзуга оид

12:35 / 25.04.2025
Афғонистон «Ҳайратон – Мозори Шариф» темирйўли бўйича Ўзбекистон билан шартномани узайтирди

20:43 / 17.04.2025
Толиблар энди Россияда террорчи ташкилот деб ҳисобланмайди. Воқеалар ривожи

11:41 / 17.04.2025
138 нафар Афғонистон фуқароси бўлган яна бир рейс Германияга етиб келди

07:02 / 16.04.2025