Ўзбекистон | 21:16 / 29.09.2022
19238
4 дақиқада ўқилади

Ҳаж ва умра квоталари ошади, виза олиш осонлашади — Саудия ҳаж вазири ташрифи тафсилотлари

27 сентябрь куни Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Робиа бошчилигидаги катта делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Саудия Арабистони ҳақида гап кетганида кўпчиликнинг ҳаёлига ҳаж ва умра амаллари бажариладиган икки муқаддас ҳарам келади. Бу бежизга эмас, чунки Ҳаж ва умра, шунингдек зиёрат туризми бугунги кунда Ўзбекистон ва Саудия алоқаларида муҳим ўрин тутади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хўш, ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга нима учун келди? Ташрифдан қандай янгилик ва енгилликлар кутиляпти?

Ташрифнинг илк куни Тошкентдаги «Симпозиумлар саройи»да Тавфиқ бин Фавзон ар-Робиа билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Нуриддин Холиқназаров иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда Имом Бухорий ёд этилган, жорий йилда Ҳаж зиёратчилари 12 мингдан, умра қилувчилар сони 40 минг нафардан ошгани эътироф қилинган.

Расмий хабарга кўра, асосий мулоҳазалар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳамкорлик ва Саудия фуқароларини Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига зиёратларини ташкил этиш бўйича таклифлар борасида бўлган.

Шунингдек, мулоқотда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида меморандум тузиш масаласи кўриб чиқилган.

Бугун, 29 сентябрь куни эса Тошкентда сайёҳлик агентликлари учун зиёратчилар саёҳатини осонлаштиришга мўлжалланган интеграциялашган рақамли платформа – Nusuk'нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Nusuk нима? Ушбу платформа ёрдамида бутун дунё бўйлаб зиёратчилар ва бошқа сайёҳлар ҳам электрон визага мурожаат қилиши, меҳмонхоналар ва рейсларни бронь қилишгача бўлган барча ташрифларини бемалол ташкил қилиши мумкин. Яъни сиз мустақил равишда веб-сайт ёки мобил дастур орқали visa-билетларни олиб, Саудиядан меҳмонхона, муқаддас жойларга навбат билан кириш кабиларни банд қила оласиз.

Саудия Арабистонининг рақамлаштириш стратегияси асосида амалга оширилаётган бу дастурдан, афсуски, ҳозирча ўзбекистонликлар мустақил фойдалана олмайди. Чунки Ўзбекистон ҳозирча Саудия томонидан электрон виза олиш мумкин бўлган давлатлар қаторига кирмаган. Ўзбекистонликлар бу дастур орқали барибир сайёҳлик фирмасига мурожаат қилиб, туристик тўплам сотиб олиши ва улар орқали виза олиши керак бўлади.

Бу борадаги саволимизга жавобан Саудия ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонни ҳам бу рўйхатга киритиш масаласи ўрганилаётганини, ҳозирги имконият тур пакет сотиб олиш орқали эканини маълум қилди.

Албатта, биз ҳам умид қиламиз, ўзбекистонликлар ҳам Nusuk рақамли платформасидан тез орада тўлақонли фойдаланиш имконига эга бўлади.

Хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Шерзод Самиғжоновнинг тушунтиришича, бу платформа орқали Макка ва Мадинадан ташқари бошқа шаҳарларда ҳам сайёҳлик йўналишлари ривожлантирилади, шунингдек рақамлаштириш жараёнлари кенгайтириб борилади.

«Бу платформа такомиллаштириб борилмоқда. Nusuk орқали ҳар бир зиёратчи мустақил зиёратни амалга ошириши режа қилинган. Лекин ҳозирча Ўзбекистон фуқаролари онлайн туристик виза ололмайди, кейинчалик бизга ҳам бундай имконият берилиши кўзда тутилган. Ҳозирча ўзбекистонликлар сайёҳлик фирмалари орқали умра виза олиши арзонроқ ва қулай.

Кейинчалик рақамлаштириш жараёнлари кенгайтирилиб, ҳажга бориш учун ҳам онлайн хизматлар яратилиши назарда тутилмоқда», – дейди Шерзод Самиғжонов.

Бундан ташқари, бугуннинг ўзида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотаси икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотаси эса 100 минг нафаргача оширилишига доир келишувга эришилди.

Мавзуга оид