Ўзбекистон | 13:01 / 23.11.2022
5803
3 дақиқада ўқилади

Спортни ривожлантириш вазири ампутантлар жамоаси билан учрашди — қўшимча рағбатлантиришга ваъда берилди

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Kun.uz ҳомийлигидаги «Субъектив» лойиҳасининг сўнгги сонида «Ўзбекистон жаҳон чемпионларидан юз ўгирди» мавзусида кўрсатув тақдим этилганди

Унда Туркияда ўтган ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон футбол жамоаси аъзолари уларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, фақат 10 млн сўмдан мукофот пули берилгани, бошқа чемпионлардан фарқли тарзда одам ажратиш бўлаётганидан норози бўлишганди.

Кўрсатув катта шов-шув кўтарди. Натижада келтириб ўтилган муаммо ва камчиликларни инобатга олган ҳолда, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда футболчилар расмийларга муаммоларни айтишди. Паралимпияга аъзо бўлмаган Ҳаити ҳам 4-ўринни олган жамоа аъзоларига 25 минг доллардан берганини, 2-ўринни эгаллаган Ангола ҳар бир ўйиндан сўнг ўйинчиларни тақдирлаганини таъкидлашди. 

Фото: Спортни ривожлантириш вазирлиги

Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов бунга қуйидагича жавоб берди: «Сизлар расмий ташкилотга аъзо эмассизлар. Ўз вақтида Паралимпия қўмитасига киришни таклиф қилганмиз, аммо жавоб бермагандинглар. 

Нодавлат ташкилотда эканлигингизга қарамай, тайёргарлик ва Туркияга боришинглар учун 1 млрд сўм ажратилди. Бу аввалги қийматдан 3 баравар кўп. 

Сизларга таклифим: Паралимпия қўмитасига аъзо бўлинглар. Шунда мен президентдан сизлар учун мукофот ажратишни сўрай оламан. Шунингдек, 6 млн сўмдан доимий стипендия қилиб берамиз».

Шундан сўнг футболчилардан Ҳайдарали Турсунбоев вазирдан жамоани қўшимча рағбатлантириш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўради: «Менимча, президентимиз бизнинг норозилигимиздан хабар топмаганлар. Акс ҳолда, 10 млн сўмдан беришганини ҳазм қила олмасдилар. 

Тўғри, ҳеч қайси расмий ташкилотга аъзо эмаслигимиз — бизнинг айбимиз. Лекин имкони бўлса, шу йигитларга, «Tahoe» ёки бошқа қимматбаҳо автомобил демайман, ҳеч йўқ биттадан «Spark» беришсин. Дуо қилиб, миниб юришади».

Якунда вазир Адҳам Икромов илтимосга ижобий муносабат билдирди, жамоа аъзолари қўшимча рағбатлантирилишига ваъда берди.

Мавзуга оид