Ўзбекистон | 13:38 / 22.07.2023
13563
2 дақиқада ўқилади

Магистратурага қабулда вазирлик тасдиқламаган айрим халқаро тил сертификатлари ҳам қабул қилинадиган бўлди

Магистратурага ҳужжат топширишда 2023 йилнинг 31 мартигача олинган Linguaskill, AIL ва Aydin TÖMER сертификатлари ҳам қабул қилинади. Бу сертификатлар вазирлик буйруғига кўра, олдинроқ рўйхатдан чиқариб ташланган эди. Лекин буйруқ кеч эълон қилингани учун айрим халқаро сертификатлар ҳам истисно тариқасида бу йил учун инобатга олинади.

Фото: KUN.UZ

Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ҳужжат топширишда турк тили бўйича айрим сертификатларнинг қабул қилинмаётгани борасида мурожаатлар кўпайган. Бу бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, вазирликнинг 2023 йил 23 мартдаги 65-сон буйруғи билан тасдиқланган рўйхатда акс эттирилмаган, аммо 2022 йил 30 июндаги 220-сон буйруғи билан тасдиқланган рўйхатдаги 2023 йил 31 мартгача олинган ҳамда муддати ўтмаган миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатлар 2023/2024 ўқув йили қабулида магистратура мутахассисликларида инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, вазирликнинг март ойидаги буйруғи билан Linguaskill, AIL ва Aydin TÖMER каби халқаро сертификатлар магистратура учун қабул қилинмайдиган бўлганди. Бу эса кўп норозиликларга сабаб бўлган. Чунки вазирлик буйруқни 23 мартда чиқариб, оммага 31 мартда эълон қилган. Натижада, шу вақт ичида пул сарфлаб, тайёрланиб, сертификат олганларнинг меҳнати куйиб кетиши мумкин эди.

Бундан ташқари, вазирлик муносабатида айрим талабалар сертификати нега қабул қилинмаётганига ҳам изоҳ берган. Унга кўра, янги ўқув йили учун magistr.edu.uz платформаси орқали киритилган миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатлар тегишли расмий сайтлар орқали текширилган. Натижада, талабалар турк тилини билишни тасдиқловчи сифатида тақдим этган айрим ҳужжатлари айрим ўқув марказлари томонидан берилган тил курси сертификатлари экани аниқланган. Ва белгиланган талабга жавоб бермаган аризалар рад этилган.

Маълумот учун, абитуриентлар томонидан тақдим этилган TYS (Türkçe Yeterlik Sınavı) сертификати http://belgesorgula.yee.org.tr/ платформаси орқали текширилади. Текширув натижасида тасдиқланмаган сертификатлар инобатга олинмайди. 

Мавзуга оид