Ўзбекистон | 12:45 / 22.08.2023
9126
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўрмон қўриқчиси 17 туп арчага шикаст етказди

6 туп арча тагидан кесилган. 11 туп арчанинг ён шохлари кесиб олинган.

Фото: Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси

Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Деҳқонобод туман инспекцияси ходимлари томонидан навбатдаги экологик назорат рейд тадбири ўтказилган.

Тадбир давомида Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги “Кон” ўрмон бўлимининг Сувлисой массиви ҳудудида табиий ҳолда ўсиб турган 6 туп Зарафшон арчаси таг қисмидан, 11 туп арчанинг эса ён шохлари кесиб ташлангани аниқланган.

Ҳолат юзасидан ўрмон қўриқчиси Р.Ж.га нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси, 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3,3 млн сўм жарима қўлланган.

Табиатга етказилган зарар 18 млн 84 минг сўм ҳисобланган ва уни ундириш мақсадида ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди. Унга кўра, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баравар қилиб ундирилиши белгиланганди. 

Мавзуга оид