Мукофот олган артистлар порталини яратиш учун бюджетдан салкам ярим миллиард сўм сарфланади
Маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат мукофотларини олган санъаткорлар ҳақидаги портални яратиш учун бюджетдан салкам 500 млн сўм маблағ ажратиш ҳақида буйруқ чиқарди. Порталга даставвал 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот жойланади. Вазир бир неча ой олдин маданий марказлар ҳақидаги сайтни яратиш учун 530 млн сўм ажратган эди, лекин ҳозир бу сайт ишламаяпти.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги
Ўзбекистонда давлат мукофотлари билан тақдирланган маданият ва санъат соҳаси вакиллари порталини ишлаб чиқиш учун 488 млн сўм ажратилади. Бу борадаги буйруқни маданият вазири Озодбек Назарбеков 15 сентябр куни имзолаган.
Буйруққа кўра, портални ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш ва тизимдан фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган ва унга маданият вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раис этиб тайинланган.
488 млн сўмлик харажат вазирликка 2023 йил учун бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади. Шундан, порталга ушбу тизим, мукофотлар ва 10 нафар санъаткор ҳақидаги маълумотлардан иборат бирламчи ахборотларни киритиш 12 млн сўмга баҳоланган.
Портални ишлаб чиқиш учун, тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ, “Маданий ҳаёт медиа маркетинг маркази” МЧЖ билан шартнома тузилиши кўрсатилган. Бу корхонанинг 51 фоиз улуши Маданият вазирлигига, қолган улуши хусусий корхоналар – Tanovor Music Group (25 фоиз) ва Best Target Project (24 фоиз)га тегишли.
Tanovor Music Group Одилжонов Муҳаммадали Азамжон ўғлига қарашли; Best Target Project'га эса Расулов Муҳаммадқодир Илҳомжон ўғли ва Абдувалиев Икромжон Воҳобжон ўғли тенг улушларда эгалик қилади. Ҳар икки корхона 2022 йил май ойида ташкил этилган; улар Маданият вазирлиги билан биргаликда эгалик қиладиган Маданий ҳаёт медиа маркетинг маркази эса 2022 йил июнида рўйхатдан ўтказилган.
Бу марказ аввалроқ вазирлик буюртмасига асосан “Маданият марказлари” портали (e-madaniyat.uz)ни ишлаб чиққан. Озодбек Назарбековнинг 25 майдаги буйруғи билан бу портални ишлаб чиқишга 530 млн сўм йўналтирилган, бу борада вазирлик ва марказ ўртасидаги шартнома шундан 4 кун ўтиб – 29 майда тузилган. Эътиборлиси, айни пайтда “Маданият марказлари” портали ишламаяпти.
Gazeta.uz'нинг эътибор қаратишича, Маданият вазирлиги “Маданий ҳаёт медиа маркетинг маркази” МЧЖ билан 26 сентябрда яна бир шартнома тузган. Унга кўра, марказ 117 млн сўмга сертификатга эга гидлар реестри электр тизимини ишлаб чиқиши керак.
Мавзуга оид

12:28 / 11.04.2025
ИМВ давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тизимида кутилаётган ўзгаришларга изоҳ берди

19:09 / 10.04.2025
Давлат хизматчиларига қўшимча тўловлар тўлаш механизмлари бекор қилиниши мумкин

19:04 / 25.03.2025
“Ташаббусли бюджет”дан ҳам умидини узаётган маҳалла: Шаҳрихондаги мактаб қачон таъмирланади?

12:14 / 04.03.2025