Жаҳон | 11:10 / 02.03.2024
21412
6 дақиқада ўқилади

Жанубий Африкадаги тарихий хотира. Мандела Фаластин ҳақида нима деганди?

Дунёда аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этувчи ўнлаб давлатлар ва ҳатто ислом республикалари ҳам бўла туриб, Ғазодаги ҳаракатлари учун Исроилни халқаро судга берган давлат – исломдан йироқ, Исроилга терс манфаатлари бўлмаган Жанубий Африка Республикаси бўлди. Хўш, нега?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога қилаётган ҳужумлари натижасида тахминан 27 минг нафар бегуноҳ инсон ўлдирилди. Исроил томонидан ўлдирилган тинч аҳолининг аксарияти – болалар, аёллар ва қариялардир.

Исроилнинг Ғазодаги бу ҳаракатларидан норози бўлиб, БМТнинг Халқаро судига Жанубий Африка Республикаси мурожаат қилди. ЖАР Исроилни камида олтита банд бўйича геноцидда айблади. Бу – геноцидни амалга ошириш, геноцидни амалга ошириш ниятида яширин режа тузиш, геноцидни амалга ошириш мақсадида тўғридан тўғри ва оммавий гижгижлаш, геноцидни амалга оширишга уриниш, геноцидни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик, геноциднинг олдини олмаслик ёки бунга интилмаслик.

Хўш, нега келиб-келиб Исроилни ЖАР судга берди? Ахир, ЖАР – мусулмон давлати эмас, ёки Исроилнинг тарихий душмани ҳам эмас... Бунинг асосий сабаби – ЖАРда шаклланган тарихий хотира, сиёсий тафаккур ҳисобланади. ЖАР ҳам яқин-яқингача, худди фаластинликлар каби, ҳақсиз, ҳуқуқсиз эди.

ЖАР – апартеидни бошидан ўтказган кам сонли давлатлардан бири. Африканинг кўплаб давлатлари мустамлака қилинди, узоқ муддат ғарб давлатларининг калониялари бўлишди. Лекин айнан ЖАР Африканинг бошқа давлатларидан узоқроқ мустамлака бўлди. Бунинг сабаби – ЖАР ниҳоятда бой давлат ҳисобланади.

Иккинчи жаҳон уруши тугугач, ғарбий Европа давлатлари ўз мустамлакаларини қўйиб юборишга мажбур бўлишади. Шунинг учун 1948 йилда ЖАР ҳокимиятига келган оқ танлилар ўз ҳокимиятини ушлаб қолиш мақсадида апартеид тизимини жорий қилишади.

Апартеид – “ажратилган ҳолда яшаш” деган маънони билдиради. Апартеид қоидаларига кўра, кам сонли оқ танлилар мутлақ кўпчилик ҳисобланмиш қора танлилар устидан полицияча назорат ўрнатади. ЖАРнинг 87 фоиз ерлари оқлар назоратида, фақат 13 фоиз ҳудудлар қора танлилар назоратида бўлади. Қора танлилар яшайдиган ҳудудлар “Бандустан” деб аталган ва қора танлиларга у ерлардан чиқиш тақиқланган.

Бутун бир мамлакат одамларнинг рангига қараб иккига бўлинган эди: шаҳарлар, кварталлар, йўллар, ҳаттоки зинопоялар ва ҳожатхоналар ҳам. Оқ танлилар яшайдиган ҳудудларга қора танлиларнинг кириши мумкин бўлмаган. Қора танли полициячилар оқ танли одамларни тўхтатишга ҳаққи бўлмаган. Оқ танлилар мактабларига нисбатан қора танлиларнинг мактаблари ўнлаб баравар кам молиялаштирилган. Қора танлилар фақат хизматкорлик ва деҳқончилик соҳаларида ўқиган.

Апартеизмга кўра, расизм, ирқий ажратиш ва камситиш – давлат қонунлари билан белгиланган эди. Бу ердаги сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи фақат оқларга берилган эди. Шунинг учун ҳам қора танлилар давлат бошқарувига, ўзларининг таҳқирли қул ҳолатига сиёсий инструментлар орқали таъсир қила олмасди.

Апартеид тизими ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун шу қадар ваҳшийликлар қиладики, ҳатто намойиш қилган мактаб ўқувчилари ҳам оммавий отилган ҳолатлари кузатилади. Қора танлиларни таҳқирлаш сиёсати шу қадар тизимли бўладики, оддий аҳолининг курашишдан бошқа чораси қолмайди. Апартеид даврида жуда кўплаб қора танли мустақиллик курашчилари қурбон бўлади.

ЖАРнинг мустақиллиги, қора танлиларнинг ҳақ-ҳуқуқи учун курашган шахслардан бири – Нелсон Мандела эди. Апартеид ҳокимияти Мандела каби шаҳслардан қўрқар эди, шунинг учун, уни доим таъқиб қилди. Апартеид ҳокимияти Манделани жами бўлиб 27 йил қамоқда, тутқинда ушлади.

Аслида, апартеиднинг асл мақсади – Манделани ўлим ҳукми орқали йўқотиш эди. Бироқ Мандела совуққон бўлди, халқнинг қўллови катта эди, ҳалқаро ҳамжамият ҳам қараб турмади. Бир умрлик қамоққа ҳукм қилинган Мандела 1991 йилда озодликка чиқади ва 1994 йилда ЖАРнинг биринчи қора танли президенти бўлади. Мандела 1999 йилга қадар, яъни беш йил ЖАР президенти бўлади.

1997 йилда, БМТ доирасидаги “Фаластинга бирдамлик куни” муносабати билан, Мандела шундай деганди: “Фаластин ҳалқининг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқи ҳақида кўпчилик жуда паст овозда гапиради. Биз ўзимиз эркинликка эришиб, бошқаларнинг қийинчиликлари ҳақида ўйлашни эсдан чиқаришимиз мумкин, лекин агар бундай қилсак – одамгарчиликдан чиққан бўлар эдик”.

Мандела қамоқда ўтирган йиллари ислом динини ўрганади. Фаластин борасида кўп ўйланади. ЖАРнинг президенти бўлиб: “Биз жуда яхши биламизки, фаластинликлар эркин бўлмаса, биз ҳам тўлиқ эркин ва ҳур бўлмаймиз”, деган фикрни айтган.

ЖАР Исроилни Халқаро судга берганида, кўплаб араб ва мусулмон давлатлари “Биз ҳам шу айбловларда иштирок этиб, сизга қўшилсак бўладими?”, “Биздан нима ёрдам керак?” деган савол билан ЖАРга мурожаат қилишди. ЖАР расмийлари эса “Бу ишни охиригача олиб боришга бизнинг иродамиз, имкониятларимиз ва малакамиз етади” дея жавоб беради.

ЖАР Исроилни геноцидда айблаб судга берар экан, асосий мотив аниқ – апартеид сиёсати барҳам топиши керак, фаластинликларга қилинаётган геноцид тўхташи керак, бир ирқ ёки миллат бошқа ирқ ёки миллатни, халқни муттасил ва ўта вахший қирғин қилмаслиги керак. Бошқача қилиб айтганда, ЖАРда шаклланган тарихий хотира бор, сиёсий тафаккур бор – бу коллектив ғарбга ишонмаслик, халқлар, миллатлар, ирқларнинг эрки ва тенглиги учун курашиш зеҳнияти ҳисобланади.

Мусулмон дунёси эса ҳали хамон сиёсий уйқуда. Салкам икки миллиардлик мусулмон дунёси ҳалига қадар қўрқувлар остида яшаб келмоқда: ҳокимиятлар халқдан қўрқади, халқлар ҳокимиятдан қўрқади, давлатлар ташқи қудратли давлатлардан қўрқади. Эркинликка ишонмайди. Ўз эрки ва қадр-қиммати учун кураша, бирлаша олмайди. Кичик ёки митти давлатлар ҳайбатли ва кўп сонли давлатларни, йирик бир цивилизацияни истаганича ўйнатади...

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид