Жаҳон | 13:56 / 16.03.2024
9038
2 дақиқада ўқилади

Европада келаётган ёз меъёрдагидан иссиқ ва қуруқ бўлиши прогноз қилинди

Олимлар Гренландия музларининг эриган сувлари Атлантикага қуйилишига қараб Европада ёзнинг қандай бўлишини прогноз қилишмоқда. Олимларга кўра, Европа ёзи бу йил иссиқ ва қуруқ келади.

Фото: AP

Узоқ муддатли прогнозларни юқори аниқликда қилиш қийин. Бироқ “Об-ҳаво ва иқлим динамикаси” журнали Европада ёз қандай келиши кутилаётгани ҳақида янги тадқиқотини эълон қилди. Ўрганиш Гренландия музларининг эришига асосланган.

Тадқиқот муаллифи, Буюк Британия Океанография маркази доктори Марелина Олтманнинг қайд этишича, Гренландия музлари эриши билан содир бўладиган воқеалар занжири ёзнинг қандай бўлишини кўрсатиши мумкин.

Гренландиядаги илиқ иқлим муҳити музликлар эришига ва Атлантикага кўпроқ музлик сувлари оқиб боришига сабаб бўлади. Музлик суви денгиз сувига қараганда енгил бўлгани учун у денгиз сатҳида туриб қолиб, денгиз суви билан аралашиб кетмайди. Ва бу сув ҳаво ва денгиз ўртасидаги иссиқлик алмашинувини камайтиради.

Оқибатда музлик суви қуйилган қисмларда кучли шамоллар содир бўлади. Шамол йўналиши таъсирида Шимолий Атлантика оқимининг шимолга силжиши кузатилади. Натижада, Европа бўйлаб иссиқ ва қуруқ ҳаво бўлишига сабаб бўладиган кенг кўламли атмосфера циркуляцияси шаклланади.

“Аниқланган воқеа занжирига асосланиб биз океан-атмосфера шароити жанубий Европа учун ноодатий иссиқ ва қуруқ об-ҳавони келтириб чиқаришга мос бўлишини прогноз қиляпмиз”, дейди Марелина Олтман. 

Мавзуга оид