Путин Красиковни қайтариб олди. Германияда умрбодга қамалган ФХХ ходими қандай жиноят содир этганди?
Кремль айнан шу инсоннинг Россияга қайтарилишига қизиқиш билдиргани ҳақида мамлакат президенти Владимир Путин ҳам деярли очиқ гапирган.

Фото: Pamfleti
Туркия Миллий разведка ташкилоти Россия, Беларусь ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинувига воситачилик қилди. Маҳбуслар алмашинувида америкалик Эван Гершкович ва Пол Уилан, Германия фуқароси Рико Кригер, россиялик сиёсатчи Иля Яшин ва ФХХ офицери Вадим Красиков ҳам иштирок этди.
Германияда қотиллик учун судланган Вадим Красиков Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинувининг асосий фигураси бўлди. Бу одам ким ва нима учун Кремль уни қайтариб олишга уринди?
Ғарбда жиноят содир этгани учун турли муддатларга қамалган Россия фуқаролари орасида Вадим Красиков ҳам бор. У немис қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб келаётганди. Красиков — мутлақо алоҳида ҳолат. Олдинлари Ғарб давлатлари Москва билан жосуслар, хоинлар, икки томонлама агентлар ёки иқтисодий жиноятчиларни алмашган бўлса, Красиков — Германияда умрбод озодликдан маҳрум этилган қотил.
Кремль айнан шу инсоннинг Россияга қайтарилишига қизиқиш билдиргани ҳақида мамлакат президенти Владимир Путин ҳам деярли очиқ гапирган. 2023 йил февралида америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида у «ватанпарварлик қарашлари сабаб Европа пойтахтларидан бирида бандитни йўқ қилган» одам ҳақида гапириб ўтган эди.
Бир ойдан кейин президентлик сайловлари якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Путин қамоқхонада вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийни «Ғарб давлатларида озодликдан маҳрум этилган айрим одамларга» алмашишга тайёр бўлганини тан олганди.
Берлин марказида ўлдирилган чечен
Қотиллик Красиков томонидан 2019 йилнинг 23 августида Берлин марказида содир этилган. Россиялик киллернинг қурбони собиқ чечен дала командири, Грузия фуқароси Зелимхон Хангошвили эди. Россия аввалроқ уни терроризмда айблаб, қидирувга берганди. Хангошвили 2015 йилда Грузияда ўзига уюштирилган суиқасддан кейин Германияга қочиб кетган.
Берлинда, куппа-кундуз куни, кўплаб инсонлар кўз ўнгида велосипед минган эркак чеченнинг орқасидан келиб, овоз сўндиргич қотирилган тўппончани олади ва унга уч маротаба ўқ узади. Қотилнинг қочиб кетишига гувоҳлар халақит беради: улар полициячиларга велосипедини сувга отиб, паригини ечган ва кийимларини алмаштирган шахсни кўрсатади. Қотилни қўлга олиш вақтида унинг ёнидан Вадим Соколов номига тайёрланган Россия паспорти ва тўппонча топилади.
Тергов, суд ва ҳукм
Немис терговчилари қотилнинг шахсини тасодифан аниқлашга муваффақ бўлади. Интерпол архивларида Россия ҳукумати Вадим Красиковни қидириш учун хорижлик ҳамкасбларидан ёрдам сўраб, унинг юборган сурати топилади. Ўшанда Россияда у бир бизнесменни ўлдирганликда гумонланган. Ушбу сурат бутун бошли калаванинг учи эди.
Журналистик суриштирув давомида аниқланишича, Хангошвили ўлдирилишидан олдин Берлинда Сколовга тегишли хорижга чиқиш паспортидаги маълумотларга эга фуқаро Россиянинг ички пасспорт реестрида ҳам, Федерал солиқ хизмати рўйхатида ҳам бўлмаган. У ҳар иккала маълумотлар базасида Берлиндаги жиноятдан бир неча ҳафта олдин пайдо бўлади. Гувоҳлардан бирининг фикрича, аслида мавжуд бўлмаган бундай инсонни фақат махсус хизматлар «ярата олади».
Бундан ташқари, журналистлар Красиков Федерал хавфсизлик хизматининг «Вимпель» махсус кучлари гуруҳи офицери Эдуард Бендеркийга боғлиқлик жойи борлигини аниқлайди. Маълумотларга кўра, у суддан ташқари қатллар билан шуғулланади ва Алексей Навалнийнинг заҳарланишига алоқадор.
Вадим Красиков устидан суд 2020 йил 7 октябрда бошланади ва 14 ой давом этади. 2021 йил 15 декабрда ҳукм — умрбод қамоқ жазоси эълон қилинади. Ҳукм эълон қилинганидан кейин Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок «давлат буюрмаси остидаги қотиллик» «Германия Федератив Республикаси суверенитети ва герман қонунчилик нормаларининг қўпол бузилиши» эканини таъкидлайди. Шу боис Германия ҳукумати Россиянинг мамлакатдаги икки нафар дипломатини персона нон грата дея эълон қилади.
Орадан ярим йил ўтгач, 2022 йил июлда Америка матбуоти Кремль Россияда ҳибсга олинган АҚШ фуқаросини Красиковга алмашишни талаб қилаётгани ҳақида ёзди. Гап америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер ҳақида кетмоқда. Кейинроқ у қурол савдоси учун Қўшма Штатларда жазо ўтаётган Россия фуқароси Виктор Бутга алмашилади.
Мавзуга оид

22:09 / 14.02.2025
Bloomberg: Путин Украина бўйича АҚШ билан музокараларга «оғир вазнлилар жамоаси»ни жалб этади

22:28 / 04.08.2024
Ғарб ва Россия ўртасидаги тарихий алмашув. Экспертлар фикри

21:54 / 04.08.2024
Трамп Путинни маҳбуслар алмашинуви билан табриклади

08:26 / 03.08.2024