Жаҳон | 20:26 / 27.08.2024
1848
2 дақиқада ўқилади

Японияда тайфун хавфи сабаб 230 дан ортиқ авиарейс бекор қилинди

Шунингдек, мамлакатдаги темирйўл операторлари ҳам қатновлар тўхтатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: AP

Японияда «Шаншан» тайфуни яқинлашаётгани туфайли 230 дан ортиқ рейс бекор қилинди. Бу ҳақда аэропорт ва авиакомпаниялар сервислари мониторинг маълумотларига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Қайд этилишича, 28 август тонгида тайфун Окинава префектура ороли, кечга бориб жануби-ғарбий Кюсю оролига ёпирилади.

Бекор қилинган авиарейсларнинг аксарияти Japan Airlines компаниясига тегишли (28 август кунги 82 та рейс ва эртаси куни яна 60 та рейс). Бундан ташқари, халқаро йўналишдаги олтита парвоз ҳам бекор қилинган.

All Nippon Airways (ANA) 28-30 август кунларига мўлжалланган 80 та рейсини, Skymark, Solaseed Air ҳамда Peach Aviation лоукостерлари 9 та рейсини бекор қилади.

Кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар биринчи навбатда Кюсю ороли ҳамда ундан жанубда жойлашган майда ороллардаги аэропортларга тааллуқли. Шу билан бирга, темирйўл операторлари ҳам қатновлар тўхтатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Айни вақтда тайфун Амами (Окинава префектураси) оролларига яқинлашмоқда ва шимоли-ғарбий йўналишда ҳаракатини давом эттириши мумкин. Тайфун ҳаракатланаётган ҳудудда шамол тезлиги сониясига 65 метргача етяпти.

Эслатиб ўтамиз, Япония ҳукумати август бошларида Тинч океани қирғоғида юз бериши мумкин бўлган мегазилзила ҳақида огоҳлантириш эълон қилган ва 15 август куни уни расман бекор қилганди.

Мавзуга оид