Пандемиядан кейин одамлар уйдан ташқарида камроқ вақт ўтказадиган бўлди — тадқиқот
COVID-19 пандемияси нафақат одамларнинг кундалик одатларини ўзгартирди, балки эндиликда бутун бошли шаҳарларни онлайн харидлар ва курьерлик хизматларига мослаштиришга ундамоқда.

Фото: AFP
Янги тадқиқот натижаларига кўра, одамлар COVID-19 пандемияси бошланишидан олдинги даврга нисбатан кунига 51 дақиқа камроқ вақтини кўчада ўтказмоқда. Шунингдек, юриш вақти ҳам кунига 12 дақиқага қисқарган. Мутахассисларнинг фикрича, бу пандемиянинг барқарор оқибати ҳисобланади.
34 минг америкалик иштирок этган сўровнома давомида, тадқиқотчилар илк бор уйда ва ундан ташқарида ўтказилган вақт ўртасидаги мувозанат қандай ўзгарганини батафсил таҳлил қилди. Натижалардан маълум бўлишича, 2003 йилдан бошлаб уйдан ташқарида ўтказилаётган вақт аста-секин қисқариб келган, аммо пандемия бу жараённи сезиларли даражада тезлаштирган.
Бунга асосий сабаб технологияларнинг кенг қўлланилиши ва пандемия туфайли одатлар ўзгариши деб таъкидламоқда тадқиқот муаллифлари. Интернетга уланиш кенгайиб, янги алоқа воситалари пайдо бўлгач масофадан ишлаш, онлайн харид ва уйда дам олиш оммалашди. Бу эса одамларнинг бирор жойга бориш, умуман уйдан чиқиш эҳтиёжини камайтирди.
Ташқаридаги фаолликнинг пасайиши нафақат шахсий одатларга таъсир кўрсатади, балки шаҳарни режалаштириш усулларини қайта кўриб чиқишни ҳам тақозо этади. Олимлар бўш турган офис ва савдо биноларини турар жойга айлантириш, шунингдек, интернет-харидлар оммалашиши натижасида ривожланаётган курьерлик хизматлари учун ҳудудларни кенгайтиришни тавсия қилмоқда. Транспорт масаласида эса, пиёдалар ва велосипедчилар учун шароитларни яхшилашга, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун қулай ҳаракатланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Масофавий иш ва дам олиш шаклларига ўтиш транспорт харажатларини ва зарарли моддаларнинг атмосферага ажралишини камайтириши мумкин, бу экология учун фойдали ҳисобланади. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор: реал ҳаётда мулоқот чекланиб, одамлар орасида ижтимоий яккаланиш кучайиши мумкин.
АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси томонидан ўтказилган American Time Use Survey сўрови доирасида тўпланган маълумотларга кўра, пандемиядан кейин уйдан ташқаридаги фаоллик бироз тикланганига қарамай, 2023 йил ҳолатига кўра кўрсаткичлар 2019 йилга нисбатан пастлигича қолмоқда. Масалан, 2021 йилдан бери уйдан ташқарида ўтказилган вақт атиги 11 дақиқага кўпайган бўлса-да, бу ҳали ҳам пандемиядан олдинги даврга нисбатан 53 дақиқага кам.
Шунингдек, анъанавий харид турлари онлайн харидлар билан алмаштирилмоқда, бироқ умумий ҳисобда, харидларга сарфланадиган вақт камайган. Пандемия даврида уй спорт жиҳозларини сотиб олиш ошган. Бундан ташқари, кўпчилик кўпроқ ухлай бошлаган, бу эса муаллифларнинг фикрича, қўшимча таҳлилни талаб қилади, чунки илгари уйқу вақтининг бу даражада кўпайиши кузатилмаган.
Тадқиқотлар хулосасига кўра, “уй ҳаёти”га ўтиш жараёни пандемиядан анча олдин бошланган бўлса-да, 2020 йилдан бу жараён янада тезлашди. Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги инновациялар бунда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ, замонавий турмуш тарзидаги ўзгаришларни чуқурроқ тушуниш учун ҳали ўрганиладиган омиллар кўп.
Мавзуга оид

21:26 / 08.04.2025
Олимлар ифлосланган ҳаво кексалар миясига зарар етказишини аниқлади

08:02 / 05.04.2025
Олимлар бонобо маймунларининг «тили»ни ўрганиб чиқишди

11:30 / 24.03.2025
Ўсмирларда интернетга қарамлик гиёҳванд моддаларга қарамлик билан тенглаштирилди

00:10 / 23.03.2025