Ўзбекистон | 15:38 / 09.01.2025
1112
2 дақиқада ўқилади

Каналларга ифлослантирувчи моддалар ташланиши устидан назорат кучайтирилади

Барча ичимлик сув таъминоти корхоналарида сифат мониторинги юритилади ва маълумотларни бошқариш марказлари яратилади.

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

2025 йилда табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида:

  • 1 минг километр каналларни бетон қопламага ўтказиб, сув тежовчи технологиялар қамровини 1,6 миллион гектарга етказиш ҳисобига йилига қўшимча 2,5 миллиард метр куб сувни тежашга эришилиши;
  • насос станцияларида эскирган насос ва электр двигателларни замонавий энергия тежамкорларига алмаштириш, сув ресурслари ҳисобини такомиллаштириш орқали насос станцияларининг электр энергия истеъмоли 300 млн кВтгача камайтирилиши;
  • ирригация ва мелиорация тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали 390 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши;
  • сарфланаётган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи тўлиқ юритилишини таъминлаш мақсадида магистрал каналлар ва муҳим сув объектларида сувнинг ягона онлайн ҳисобини юритиш тизими жорий этилиши;
  • 1,8 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини, 77 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилиши ҳамда реконструкция қилиниши;
  • ичимлик сув тизимида маънан эскирган 746 та насос ускуналари энергия тежамкорларига алмаштирилиши, ҳудудларда 65,2 Мегаватт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши, сув иншоотлари ва магистрал сув тармоқларига 955 та замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши;
  • барча ичимлик сув таъминоти корхоналарида сифат мониторингини юритиш ва маълумотларни бошқариш марказлари яратилиши;
  • дарёлар, кўллар ва каналларга турли ифлослантирувчи моддаларнинг ташланиши устидан назорат кучайтирилиши таъминланади.

Мазкур банднинг сўзсиз, сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъул этиб тегишинча сув хўжалиги вазири — Ш.Ҳамроев, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири — Ш.Ҳидоятов, энергетика вазири — Ж.Мирзамаҳмудов, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири — А. Абдуҳакимов белгиланади.

Мавзуга оид