Жаҳон | 09:55 / 18.01.2025
2930
3 дақиқада ўқилади

Россияда 6 киши «чет эл агенти» деб эълон қилинди

«Идите лесом» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ва беш нафар журналист Россияда «чет эл агенти» деб эълон қилинди. Рўйхатга иқтисодчи Александра Прокопенко ҳам киритилди.

Фото: Alexander Scherbak/TASS/picture alliance

Россия Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхатини «Идите лесом» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ва олти нафар фуқаро билан кенгайтирди. Бу хабар 17 январ, жума куни идора веб-сайтида эълон қилинди.

«Идите лесом» лойиҳаси 2022 йил кузида россияликларга Украинадаги урушга сафарбарликдан қочиш ва мамлакатни тарк этишга ёрдам бериш учун яратилган. Россия Адлия вазирлиги унинг муаллифларини Россия расмийларининг «қарорлари ва сиёсати ҳақида сохта маълумотларни тарқатишда», Россия армиясининг «салбий имижини шакллантиришда» ва «махсус ҳарбий операцияга қарши туришда» айблади. Лойиҳа асосчиси Григорий Свердлин аввалроқ чет эл агентлари реестрига киритилган эди.

Бундан ташқари, 17 январ куни журналистлар Ксения Кирия, Анастасия Лотарева, Андрей Козенко, Ирина Ромалийская, Антон Рубин, шунингдек, Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиё тадқиқотлари бўйича ходими Александра Прокопенко «чет эл агентлари» деб эълон қилинди. Улар «чет эл агенти» контентини яратиш ва тарқатиш, шунингдек, «ҳокимиятга қарши фейклар» ва Украинадаги урушни танқид қилишда айбланмоқда.

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунчилик 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқланганлар рўйхатига қўшилди. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, ННТ – «чет эл агентлари», оммавий ахборот воситалари – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бирга тўртинчи рўйхат бўлди.

2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун Россия расмийларига кўра, «чет элдан кўмак оладиган» ва «чет эл таъсири остида» бўлганларни «чет эл агентлари» деб эълон қилишга рухсат беради.

2024 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролари ва компанияларига «чет эл агентлари» ресурсларида – уларнинг веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларида, блогларида ва бошқа платформаларда реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади. Янги қонун, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ва интернетда «чет эл агентлари» ресурсларини реклама қилишни ҳам тақиқлайди.

Мавзуга оид