Ўзбекистон | 11:23 / 31.01.2025
16374
6 дақиқада ўқилади

Фарғонада ҳовлилар орасида 5 қаватли “дом” қурилди. Аҳолининг шикоятлари натижасиз қолмоқда

Тадбиркор Фарғона шаҳри Баҳор маҳалласидаги аҳоли яшаш хонадонлари ўртасида 2 қаватли уй қуриш учун қўшнилардан розилик хати олган. Амалда эса 5 қаватли бино қуришга киришилган. Тегишли идоралар ноқонуний қурилиш бўлаётганини кўра билиб туриб ҳолатга кўз юммоқда. Ҳудудда яшовчи аҳоли эса бундан норози.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қўшниларнинг арз-у додидан кейин тегишли идоралар томонидан ҳолат ўрганиб чиқилиб, қурилиш лойиҳасида қонунбузилиш мавжуд деб топилган ва хулоса бекор қилинган. Ҳатто ҳолат юзасидан жиноий иш ҳам очилган. Бироқ ўтган йилнинг сентябр ойида вилоят архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши қурилишга қайта ижобий хулоса берган.

Бунга эса Баҳор маҳалласида ўтказилган йиғилиш баённомаси асос қилиб олинган. Ваҳоланки, йиғилиш ён қўшниларнинг иштирокисиз яширин тарзда ўтказилган. Тартибга кўра, қурилиш ишлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши, қўшнилардан розилик олиниши, оралиқ масофага риоя қилиниши белгиланган. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганди.

Тадбиркор ҳаммани алдади”

“Бир тадбиркор пайдо бўлди-ю, маҳалланинг катта-кичикларини алдаб туриб, 2 этаж “дом” қураман деб, ҳозир 5 этаж қурволди. Атрофдаги уйларга на қуёш тушади, на ҳаво айланади. Биз қўшнилар бу қурилишга норозимиз.

Жаббор Жумаев

Қўшнилар рози бўлса, ундан кейин қуриш керак эди-ку. Аҳоли икки этажли қилиб қур, томи билан бемалол ишлатавер, деяпти. Атрофдаги уйлар қоронғиликда, ё ҳаво йўқ, ё шабада йўқ, кун тушмайди.

Ер қимирласа, зилзила бўлса, Худо ўзи сақласин, бу дом маҳалладаги уйларни босиб қолиши аниқ”, дейди Жаббор Жумаев.

Қурилиш ёлғон билан бошланди”

“Бино аввалбошидан ёлғон билан бошланди. Тадбиркор 2 қаватли уй қураман деганига ишониб қўл қўйиб бергандик. Амалда эса 5 этажли дом қурилди.

Икки йилдирки, қўшнилар шу муаммо билан курашиб ётибмиз. Тегишли идораларга аризалар ёзаяпмиз. Республика, вилоят, шаҳарнинг тегишли идораларига қилган мурожаатимизга тайинли жавоб ололмадик.

Жўрабек Ёқубов

Энг қизиғи, мурожаатимиздан кейин турли ташкилот вакиллари келиб яшаб турган ҳудудимиз сносга тушган деб бизни қўрқитишяпти. Давлат хизматлари марказига бориб, бу ҳақда маълумот ҳам олдим.

Ҳудудимиз сносга тушмагани маълум бўлди. Қуриб олган биносидан атрофдаги уйлар кўриниб қоляпти-ку. Наҳот бунга кўз юмишяпти. Техника, ёнғин хавфсизлиги меъёрларига тўғри келмайди-ку қилаётган иши. Ҳолатни кўриб ҳам ҳамма жим”, деди Жўрабек Ёқубов.

Зайнабхон Қорабошева

Бинога ён қўшни бўлган Зайнабхон Қорабошева бино ўта хавфли қурилгани, невара-ю қизлари билан қўрқувда яшаётганликлари, тадбиркорга ҳеч кимнинг “тиши ўтмаётгани” ҳақида куюниб гапирди.

Улар одам ўлишини кутяпти”

“Шаҳарсозлик тартиби бўйича қурилишга энг аввало қўшнилар рози бўлиши керак. Ҳеч бир қўшни рози бўлмаса ҳам қурилиш негадир тўхтамаяпти. Бошимизга тушмасин, ер қимирласа, атрофдаги уйлар кўмилиб қолади-ю.

Ғайрат Юсупов

Бу ердан кўчиб кетишимиз керакми, арзон нархда уйимизни сотиб, бу ердан бош олиб кетайликми? Эртага одам келиб яшаса нима бўлади? Юқоридан қараса, биз уйда қандай яшаймиз, ҳаммаси кўриниб туради-ку, буни ҳеч ким ҳисобга олмаяпти. Зилзила ёки хавф бўлса, нима қиламиз? Бизга ёрдам берадиган одам борми ўзи?!”, дейди Ғайрат Юсупов.

Деразадан қарашга ҳозир ҳеч кимнинг вақти йўқ”

Kun.uz ҳолат юзасидан қурувчи ташкилот масъули Салоҳиддин Исмоиловдан изоҳ олди.

“Қурилиш бошланмасидан аввал барча қўшнилар розилик билдирган эди. Розиликларини олганимдан кейингина ишни бошлаганман. Бу ҳудуд сносга тушган. Барибир ҳамма хонадонлар бузилади қачондир. Ён атрофида ҳам 5 қаватли дом бор, у ерга ҳеч ким қаршилик билдирмади-ку.

Қонуний қилиб, “документ”лар тайёрладим, инвестор олиб келдим, ҳужжатларим барчаси жойида. Эртага сотилиб, кимдир кўчиб келадиган бўлса, атрофдаги қўшниларнинг уйи кўриниб қолмайдими, деган саволингизга жавоб берадиган бўлсам, ҳозир ҳеч кимнинг вақти йўқ-ку деразадан атрофга қараб одамларни кузатгани. Атроф кўринмайдиган қилиб махсус “жалюзи” ўрнатдим”, дейди тадбиркор Салоҳиддин Исмоилов.

Масала суд тартибида кўрилиши керак

“Қўшниларнинг розилик хатида кўп қаватли уй деб кўрсатилган, ўзлари ёзиб, имзолаб берган. Шундан кейин, архитектура бўлими рухсатномани беряпти. Ўша ерда кўп қаватли офис бинолари учун рухсатнома берилган.

Адҳамжон Акбаров, Фарғона вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари

Шундан келиб чиқиб лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Ана шу лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам кенгашдан ўтяпти. Кенгаш тасдиқлаяпти, беш қаватли офис биносини кенгашдан тасдиқлаб беряпти. Шу асосида қурилишга рухсат берганмиз.

Биз билмаган ҳолда эрта қурилишни бошлаб қўйган бўлса, ундан бизнинг хабаримиз бўлмаган бўлиши мумкин. Маҳалла қўмитасининг йиғилиш баёни билан қурилишни бошлаш тўғри эмас. Унга биз рухсат беришимиз керак эди. Аҳолининг қурилишга эътирози бўлса, судга мурожаат қилишларини маслаҳат бераман”, дейди Фарғона вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Адҳамжон Акбаров.

“Қўзиқорин дом”га туташ ҳудудда яшовчи аҳолининг росмана боши қотган. Улар ноқонуний ва ҳеч бир тартибга тўғри келмайдиган қурилишни тўхтатиш учун ҳукуматдан умид кутишмоқда.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид