Ўзбекистон | 10:29
12941
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Lacetti пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўнга яқин кишини уриб кетди

Видеода қолган машиналар пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тўхтаб тургани, аммо Lacetti ҳайдовчиси катта тезликда ҳаракатланиб келиб, йўловчиларни босиб кетгани, йўлакчада болалар аравачаси ҳам бўлганини кўриш мумкин. ИИБ эса бу ҳолат ҳақида икки ҳафта ўтиб маълумот бермоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида Lacetti йўлни кесиб ўтаётган бир гуруҳ фуқароларни уриб юборгани акс этган видео лавҳа тарқалди. Самарқанд вилояти ИИБ ЙТҲ юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 11 апрел куни соат 20:00 ларда Самарқанд шаҳри Нурли йўл маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Рудакий кўчасида содир бўлган. 1997 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган Lacetti пиёдалар ўтиш йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган фуқароларни уриб юборган.

Тармоқларда тарқалган видеода бир нечта машина пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тўхтаганини, Lacetti машинаси эса катта тезликда келиб, пиёдалар йўлагини кесиб ўтаётган фуқароларни уриб, қарама-қарши йўлга чиқиб кетганинин кўриш мумкин. Ҳайдовчи камида 6-7 кишини уриб юборган. Улар орасида болалар ҳам бор.

Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олган пиёдалар шифохонага етказилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур модда бўйича айбдор деб топилган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид