Жаҳон | 13:33
7471
3 дақиқада ўқилади

Украина тинчлик режаси бўйича 5 та талабини АҚШга маълум қилди

Улардан асосийси – ишғол қилинган Қримни расман Россияники деб тан олинмасликдир.

Фото: REUTERS

23 апрель куни Лондонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Украина вакиллари АҚШ делегациясига тинчлик режаси бўйича ўз талаблари тўпламини топширди. Британиянинг The Telegraph нашри улар билан танишди.

Маълум қилинишича, Киев жами бешта талабни илгари сурган, улардан асосийси ишғол қилинган Қримни расман Россияники деб тан олинмасликдир.

«Қрим – тўқнашувларнинг асосий нуқтаси. У ерда Россия назоратини тан олиш – ҳеч бир давлат бошқа бировнинг ҳудудини аннексия қила олмаслиги ҳақидаги халқаро ҳуқуқнинг марказий тамойилини бузади. Шунингдек, бу ҳудудни фақат референдум орқали қайтариш мумкинлиги ҳақидаги Украина Конституциясига зид», дейилади мақолада.

Таъкидланишича, Украина ўз талабларини қўйиш орқали Россиянинг Қрим ёки бошқа босиб олинган ҳудудлар устидан суверенитетини ҳар қандай расмий халқаро тан олинишини самарали равишда инкор этилишига умид қилмоқда.

Украина талабларининг биринчи ва иккинчи бандларида Хитойнинг Тайванга бостириб кириши мумкинлиги ҳақида махсус огоҳлантириш билан ҳар қандай тинчлик битимини «капитуляцияга эмас, балки халқаро ҳуқуққа асосланган» деб белгилашга қаратилган. Улар, шунингдек, Украинанинг ўз ҳудудларини Россияга вақтинчалик бўлса ҳам беришига олиб келадиган ҳар қандай истиқболли тинчлик битими эвазига аниқ «хавфсизлик кафолатлари»ни талаб қилмоқда, деб ёзди нашр.

Учинчи бандда айтилишича, Украина «тинчлик жараёни марказига» қайтиши керак. Тўртинчи бандда Россия Қрим устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда, нафақат Украинага, балки Қора денгизнинг бошқа мамлакатлари – Туркия, Руминия ва Болгарияга ҳам ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида АҚШ ва НАТО огоҳлантирилган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, бешинчи ва якуний нуқтада Россияга келишувдан Украина қуролли кучлари ёки мудофаа саноати базасини чеклаш учун фойдаланишига йўл қўймаслик кераклиги аниқ кўрсатилган.

Аввалроқ, Украина президенти Владимир Зеленский 23 апрель куни Лондондаги учрашувдан сўнг янги ҳужжат шакллангани ва у аллақачон Америка етакчиси Доналд Трампга топширилганини маълум қилганди. Қайд этилишича, ушбу ҳужжатда «европаликлар – Франция, Британия, Германия ва Украинанинг урушга оид умумий қарашлари» мавжуд.

Бундан олдин Зеленский босиб олинган Қримнинг Россия ҳудуди сифатида тан олиниши ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, «Украина қадриятларига ёки Конституцияга зид бўлган нарсаларни ҳеч қандай келишувга киритиш мумкин эмас».

Мавзуга оид