Жамият | 18:55 / 27.04.2025
4250
8 дақиқада ўқилади

“24 ёшгача ҳаётимни катталар бошқарган” – Бристол университети магистранти Орзугул Ғойибова ҳикояси

Хизматчи оиласида улғайган Орзугул пойтахтдаги тенгдошлари билан танишгунга қадар чет элда ўқишни имконсиз деб билган. Бир нечта халқаро таълим дастурларида 2 йил кетма-кет муваффақиятсизликка учраганига қарамай, у ҳаракатни давом эттириб, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлган. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Орзугул вазирлик тизимида нега ишлай олмагани, Бристолдаги таълим, илм соҳасидаги сохталиклар, қизларнинг хорижда ўқишига қарши шаклланган стереотиплар ҳақида гапириб берди.

Бухоро вилояти Бухоро туманида туғилган Орзугулнинг болалиги оғир ўтган. Отаси қурилиш ишларида ишлаб, оёғидан жароҳат олган ва ногирон бўлиб қолган. Ўша пайтда оила боқувчилиги тўлиқ онанинг гарданига тушган. Волида 5 фарзандини ташлаб, Россияга ишлаш учун кетишга мажбур бўлган. Онаси меҳнат миграциясига йўл олган пайтда Орзугул мактабда 2-синфда ўқиётган 7 ёшли қизалоқ эди.

Кичкина қиз бўлганимга онамнинг оила боқиш учун узоққа кетаётганини англамаганман. Улар мени худди атайин ташлаб кетаётгандек туюлган. Бошида жуда қийин бўлган. Ўқишга қизиқишим пасайиб, дарсга боргим келмасди. Отам уйда бўлса-да, улар билан бемалол гаплаша олмасдим, орамизда қандайдир “девор” турарди. Онам йилда бир марта бир ҳафтага уйга келардилар, аразлаб олиб, ҳатто улар билан гаплашмасдим ҳам. Ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Тушкунликдан чиқиб кетишимга бошланғич синф устозим катта ёрдам берган. Дарсдан кейин алоҳида вақт ажратиб, мени қийнаётган масалалар борасида суҳбатлашарди, ўқишга рағбатлантирарди. Оиладан етарлича меҳр ололмаётган бир вақтда ўсмир бола учун устозининг қўллаб-қувватлови муҳим рол ўйнар экан”,– дейди у.

Тўрт ўғилдан кейин кенжа фарзанд бўлган Орзугул кучли назоратда улғайганини айтади. 8-синфгача акалари кузатувида мактабга бориб-келган қиз ўсмирликда болага маълум нуқталарда эркинлик берилиши зарурлигини айтади. Унинг фикрича, қиз бола нафақат ҳимоя, балки ишончга ҳам муҳтож бўлади. Бола керагидан ортиқ қаттиқ назоратда ўсса, унда мустақил фикрлаш қобилияти яхши шаклланмайди. Ўзини айнан шундай масала қийнаганини таъкидлаган Орзугул эркинликни қиз бола истаганча юриши ёки хоҳлаганини бажариши эмас, балки унга қарор қабул қилиш имконининг берилиши сифатида изоҳлайди.

24 ёшга киргунимча менинг ҳаётимни, ҳатто қайси йўналишда қаерда ўқишни ҳам “катталар” ҳал қилган. Бакалавриатни битирганимдан сўнг ўқув марказида инглиз тилидан дарс бердим, давлат мактабида ҳам ишладим. Ўша кезларда ўзимдан, қилаётган ишларимдан кўнглим тўлмасди, ўзимга ўзим “мен бу жойга тегишли эмасман” дердим. Бухоро давлат университетида ўқиб, хоҳлаганимдек натижага эришмадим. Ўқишимни чет элда нуфузлироқ университетда давом эттиришим керак, деган ниятим бўларди. Буни уйдагиларга айтганимда ижобий қабул қилишмаган, сабаби бизнинг оиламиздан ҳеч ким олий маълумотли эмас, авлодимиз ва маҳалламиздан бирорта одам хорижга ўқиш учун бормаган. Улар шунчаки қиз бола бошим билан бошқа давлатга ўқишга кетишимни тасаввур ҳам қила олишмас эди”, – дейди Орзугул Ғойибова.

Орзугул оиласи юқори даромадли бўлмагани учун бошқа давлатга бориб таълим олиш унга ушалмас орзудек туюлган. Сабаби ўша пайтларда хорижда бирор нуфузлироқ олийгоҳда бир йиллик таълим энг минимум миқдорда $30 000 атрофидаги харажатларни талаб этарди. Орзугул эса Тошкентга келиб, лойиҳаларда иштирок этмагунча таълим грантларидан бехабар бўлган.

YLDP лойиҳасида қатнашиб, Westministr университетидаги талабалар билан танишганимдан кейин Chevening, Fulbright, DAAD грантлари ҳақида маълумот олганман, 2 йил бу лойиҳаларга топшириб, йиқилганман. Аммо топ олийгоҳда таълим олиш ниятим ҳеч қачон сўнмаган. Кундузи давлат мактаби, кечки пайт Америка логистика компанияларида ишлаб, бир йиллик контракт ва хорижда яшаш харажатларини қоплайдиган миқдорда маблаг йиғганман. 2021 йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиясини ютиб олганман ва бу Бристолга кетишимга йўл очган энг муҳим омиллардан бири бўлган. Стипендияни қўлга киритганимдан кейин Англияга боришимни уйдагилар умуман хоҳламаган, икки акам ўқишга кетганимдан сўнг 6 ойгача мен билан гаплашмаган ва бу психологик жиҳатдан кучли салбий таъсир ўтказган”, – дейди у.

Орзугулнинг айтишича, Бристол университетидаги таълимнинг энг катта устунлиги – дарсларнинг ёдлашга эмас, тушунишга асосланиши. У ерда ўқитиш жараёни фақат профессорни тинглаб ўтириш эмас, мавзуни муҳокама қилиб, таҳлил этиш, талабанинг ўз фикрини шакллантиришга йўналтирилган. Талабалар олдиндан берилган мақола, китоб, илмий ишлар асосида дарсга тайёрланиб келишади, сессияларда халқаро контекстда муҳокамалар қилинади. Имтиҳонлар ҳам маҳаллий олийгоҳларникидан фарқланади, талабалар таҳлилий ва танқидий фикрлашга асосланган эсселар ёзиш орқали баҳоланади. Бу тизим ёрдамида нафақат назарий база, балки муаллифлик масъулияти ҳам шаклланади. Унинг сўзларига кўра, Бристолдаги таълим — талабани шунчаки маълумот олувчи эмас, манба яратувчи сифатида ҳам ривожлантиради.

У маҳаллий доирадаги илмий изланишларни халқаро тадқиқотлар билан таққослар экан, кўплаб диссертациялар илмий даража ва ундан олинадиган қўшимча моддий имтиёзлар учун олиб борилаётганини қайд этди.

Аслида илмий иш жамиятдаги муаммоларга амалий ечим топиш воситаси бўлиши керак. Гувоҳи бўлдимки, бизда кўплаб илмий мақолалар хорижий манбалардан таржима қилиниб, бир-икки жойига ўзгартиришлар киритилган ҳолда ўзлаштириляпти. Бу ҳолатда муаллифлик ҳуқуқи бузиляпти, илмий ахлоқ меъёрлари эса деярли эътиборга олинмаяпти. Илм-фан ривожланиш ўрнига, қоғозбозлик ва сунъий сон кўпайтириш воситасига айланиб қоляпти. Халқаро тажрибада илмий тадқиқот натижалари давлат сиёсатини шакллантиришда асосий манба бўлиб хизмат қилади, бизда-чи? Изланишлар фақат қоғоз учун қилинса, жамият ривожини қандай тасаввур қилиш мумкин? Энг ачинарлиси, илмий мақола ва диссертацияларни пул эвазига тайёрлатиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Шахсан менга ҳам ёзиб бериш учун маблағ таклиф қилганлар бўлди. Аммо бу йўлдан бормадим, чунки илмий изланиш ҳалоллик ва масъулиятни талаб қилади”, – дейди у.

Орзугул Ўзбекистонга қайтгач, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида стратегик ривожланиш ва халқаро баҳолаш бўлимида фаолият юритган. “Бу тажрибам давомида шуни англадимки, давлат тизимида ишлаш имкониятлари яхши бўлса-да, мен ўз билим ва тажрибамни у ерда тўлиқ намоён эта олмас эканман. Ишим расмий хат алмашинуви билан чегараланган эди”, – дейди у.

Орзугул Ғойибова айни вақтда “Топ 100 университетлар” лойиҳасини бошқармоқда. Бундан ташқари, аёл-қизларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича курслар ишлаб чиқиб, офлайн ҳамда масофавий дарсларни ташкил этяпти. Интервю давомида у “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти бўлиш ва хорижда таълим олиш қандай имконият эшикларини очгани, лойиҳалари орқали эришган натижалари, вазирлик тизимида нега узоқ вақт ишлай олмагани, қизларнинг чет элда таълим олишига қарши шаклланган стереоптиплар ва илмий ишлардаги сохталиклар ҳақида гапириб берди. Суҳбатнинг тўлиқ қисмини Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Мамматжонов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид