Жаҳон | 20:03 / 27.04.2025
2104
4 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазода беш йиллик сулҳ ва гаровга олинганларни биратўла озод қилишга тайёр

Ҳамас Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича келишув тузишга тайёр, унинг доирасида барча гаровга олинганлар дарҳол озод қилинади ва беш йиллик сулҳ таъминланади, деди шанба куни гуруҳ расмий вакили воситачилар билан музокаралар арафасида.

Фото: Getty Images

Исроил ҳозирча фаластинликлар гуруҳнинг сўнгги баёнотларига изоҳ бермади.

Ҳамас делегацияси Миср воситачилари билан 18 ойлик урушдан чиқиш йўлларини муҳокама қилиш учун Қоҳирага келган. Ҳамас расмий вакили шу ҳафта бошида унинг Қоҳирадаги делегацияси ўт очишни тўхтатиш бўйича «янги ғоялар»ни муҳокама қилишини, бироқ қуролларни ташлаш муҳокама қилинмаётганини айтди – бу Исроилнинг асосий талаби бўлиб қолмоқда.

AFP агентлиги билан аноним тарзда гаплашган Ҳамас расмийси гуруҳ «маҳбусларни бир вақтнинг ўзида алмашиш ва беш йиллик сулҳга тайёр» эканини айтди.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузишга сўнгги уриниш Исроилнинг гаровга олинганлардан 10 нафарини қайтариш эвазига 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифи ортидан бўлмоқда. Ҳамас Исроил таклифини «нотўлиқ» деб рад этган ва бунинг ўрнига урушни тўхтатиш бўйича «кенг қамровли» келишув тузишни таклиф қилган.

Гаровга олинганларнинг барчасини озод қилиш ва беш йилга сулҳ тузиш – Қатар ва Миср воситачилари урушаётган томонларга айнан шундай режани таклиф қилишди. Бироқ, Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазонинг урушдан кейинги келажаги масалалари ҳали ҳам ҳал этилмасдан қолмоқда.

Ҳамас мунтазам равишда уруш бутунлай тўхташи, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқилиши ва озиқ-овқат захиралари тугаётган, қамал ҳолатидаги анклавда инсонпарварлик ёрдами ҳажми ошишига олиб келувчи сулҳ тузишни талаб қилмоқда.

Исроил, ўз навбатида, 2023 йил октябр ойидаги ҳужум пайтида қўлга олинганларнинг барчасини қайтаришни ва Ҳамасни тўлиқ қуролсизлантиришни талаб қилмоқда.

Март ойида Исроил Ғазода ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлади, январ ойида бошланган сулҳнинг биринчи босқичи бошланганида ҳудудда тинчлик ҳукм сура бошлаганди. Исроил томони ҳарбий кампания қайта бошланиши Ҳамасни гаровдагиларнинг қолган қисмини озод этишга мажбур қилишини кўзлаган.

Март ойининг иккинчи қисмидан буён Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 2111 фаластинлик ҳалок бўлган, Ғазодаги уруш қурбонларининг умумий сони эса 51 495 кишига етган.

2023 йил 7 октябр куни Ҳамас аъзолари Исроил ҳудудидан 251 кишини ўғирлаб кетганди, улардан 58 нафари ҳамон Ғазода қолмоқда. Исроил ҳарбийларига кўра, улардан 34 нафари ҳалок бўлган.

Ғазодаги вазият

Ҳудуд шимолидаги Ғазо шаҳрида фуқаролик мудофааси агентлиги турар жой биносига зарба берилиши оқибатида 10 киши ҳалок бўлгани, яна 20 га яқин киши вайроналар остида қолгани ҳақида хабар берди.

Шаҳарнинг бошқа бир ҳудудида Исроилнинг Аш-Шати қочқинлар лагеридаги уйни ўққа тутиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, деди фуқаролик мудофааси вакили Муҳаммад ал-Мугайир.

Ғазо секторига берилган зарбалар оқибатида яна тўрт киши ҳалок бўлди.

Жума куни Фаластин ҳудудидаги асосий озиқ-овқат етказиб берувчилардан бири бўлган БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури «Ғазо секторидаги ошхоналарга охирги озиқ-овқат захираларини етказиб бергани»ни маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, «яқин кунларда ушбу ошхоналарда таомлар бутунлай тугаб қолиши кутилмоқда».

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус Ғазода «дори-дармон захиралари ҳам тугаётгани»ни айтди. ЖССТнинг 16 та юк машинаси анклав ҳудудига киришга рухсат бўлишини кутмоқда.

«Блокада тўхтатилиши керак. Одамларнинг ҳаёти шунга боғлиқ», – деб ёзди Гебрейсус Х ижтимоий тармоғида.

Гуманитар ташкилотлар ва хорижий ҳукуматларнинг огоҳлантиришларига қарамай, Исроил Ғазода очарчилик бўлганини рад этмоқда ва Ҳамасга босим ўтказиш ва гуруҳни гаровга олинганларни озод қилишга мажбурлаш учун ёрдам етказиб беришни тўхтатаётганини айтмоқда.

Мавзуга оид