Ўзбекистон | 12:18
4657
2 дақиқада ўқилади

Истанбулда ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси вафот этди

Истанбул шаҳрида 19 ёшли ўзбекистонлик ўзи яшаб турган уйда содир бўлган ёнғин оқибатида вафот этди. Бош консулхона ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди.

Фото: Kun.uz

Туркиянинг Истанбул шаҳри Кадикўй туманида Ўзбекистоннинг 19 ёшли фуқароси ижарада турган уйида чиққан ёнғин сабаб вафот этди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар қилди.

24 апрел куни бош консулхона Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликда, ушбу фуқаронинг жасадини ватанга қайтарди. Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ барча харажатлар Миграция агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилди.

Шу ўринда, консулхона, ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан марҳумни Ўзбекистонга юбориш учун ёрдам пули йиғилаётгани ҳақидаги ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилаётганини қайд этган. Консулхона фуқароларни бу каби нотўғри хабарларга ишонмасликка ва расмий манбаларга таянишга чақирди.

Дипломатик идора, шунингдек, чет элда бўлган даврида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланишини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Истанбулда Ўзбекистон фуқароси зилзила вақтида қўрқиб кетиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид