Жаҳон | 22:58 / 27.04.2025
7493
2 дақиқада ўқилади

Хитой Филиппин яқинидаги баҳсли кимсасиз оролни эгаллаб олди

Хитойлик офицерлар оролга байроқ ўрнатиб, суратга олиш ишларини тугатгач, кўп ўтмай ҳудудни тарк этган.

Фото: CCTV

Хитой Филиппиннинг Жанубий Хитой денгизидаги энг муҳим ҳарбий базасидан атиги бир неча километр узоқликда жойлашган баҳсли оролни ўз ҳудуди деб эълон қилди. Бу ҳақда ХХР марказий телевидениеси хабар берди.

Гап Спратли архипелагидаги Сэнди-Кей номли кимсасиз орол ҳақида кетмоқда. Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати у ерда мамлакат байроғини кўтарган — бу йиллар давомида минтақадаги бўш турган ер майдонини расмий равишда эгаллашнинг илк ҳолатидир. Репортажда айтилишича, Пекин бу ҳаракатни «суверенитетини эълон қилиш ва Филиппин томонининг ноқонуний фаолияти ҳақида видеодалиллар тўплаш» мақсадида амалга оширган.

Орол майдони 200 метр квадратдан бироз каттароқ бўлган қумли қирғоқдан иборат. Бироқ халқаро қонунларга кўра, бундай орол 22 километр радиусдаги ҳудудий сувларга эгалик ҳуқуқини беради. Ушбу зонага Филиппин томонидан Хитойнинг денгиздаги фаолиятини кузатиш учун фойдаланилаётган Титу ороли ҳам киради. Титу оролида Манила 2023 йилдан буён бошқариб келаётган энг муҳим ҳарбий нуқталаридан бири жойлашган. Ҳозирда у ердаги инфратузилма, шу жумладан, учиш-қўниш йўлаги модернизация қилинмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирча Филиппин томони Сэнди-Кейда Хитойнинг доимий иштирокини қайд этмаган. Мамлакат денгиз хавфсизлиги бошқармаси вакилининг айтишича, Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати офицерлари байроқ ўрнатиб, суратга олиш ишларини тугатгач, кўп ўтмай ҳудудни тарк этган.

Хитой томонидан мазкур орол устидан юрисдикция эълон қилиниши 28 апрел куни Спратли архипелаги яқинида бошланиши режалаштирилган Филиппин—Америка ҳарбий машғулотлари арафасида содир бўлди. Бу машғулотлар қирғоқ мудофааси ва оролни эгаллаш бўйича манёврларни ўз ичига олади.

Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий можаролар Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония қўлдан чиқарган иккита орол гуруҳига боғлиқ. Спратли архипелагига Хитой ва Филиппиндан ташқари Ветнам, Тайван, Малайзия ва Бруней ҳам даъво қилиб келади.

Мавзуга оид