“Агар эмас, қачонки...” — Лихачев Ўзбекистонда катта АЭС қурилиши ҳақида
Ўзбекистон раҳбарияти агар эмас, қачонки катта АЭС мавзусига қайтса, Россия нафақат техник, балки молиявий ва ташкилий масалалар бўйича ҳам тайёр таклифларни тақдим этади, деди Тошкентга келган “Росатом” директори Алексей Лихачев. У давлат раҳбарининг қабулида бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 апрел куни Тошкентда Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев билан учрашди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизматига кўра, учрашувда ядро технологияларини қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда қўллаш, Тошкент шаҳридаги “МИФИ” филиали негизида кадрлар тайёрлаш каби масалалар кўриб чиқилган.
Бу мулоқот пойтахтда бўлиб ўтаётган “Иннопром” саноат кўргазмаси доирасида бўлиб ўтди. Тадбир давомида ТАСС мухбири билан гаплашган Алексей Лихачев Тошкент ва Москва кам қувватли АЭС қурилиши бўйича барча юридик масалаларни ҳал қилиб олганини айтди.

“Лойиҳани бошлаш учун барча юридик масалалар ҳал этилган. Олдинда бизни одатий кун тартиби кутмоқда: лойиҳани аниқлаштириш, лицензиялаш ва биринчи бетон – уни, умид қиламанки, бир йилдан кейин ёки ундан аввалроқ қуямиз”, – деди “Росатом” раҳбари.
“Агар эмас, қачонки Ўзбекистон раҳбарияти катта АЭС мавзусига қайтса, бизда нафақат бўлажак объектларнинг шакл-у шамойили бўйича, балки шу ерда, Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва катта кўламдаги ишларни ўз ичига олувчи молиявий ва ташкилий масалаларда ҳам тайёр таклифларимиз бўлади”, – деди Лихачев.
Кам қувватли АЭС қурилиши халқаро ҳамкорлик шаклида амалга оширилади, “лекин тушунарлики, ядровий технологиялар, реактор ороли Россияники бўлади”, дея аниқлик киритди у.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой Лихачевнинг биринчи ўринбосари, “Атомстройэкспорт” президенти Андрей Петровнинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида ҳам йирик қувватли АЭС масаласи кўтарилган эди. У “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев билан йирик АЭС қуриш учун жой танлаш ва лойиҳани техник-иқтисодий асослаш масалаларини муҳокама қилган.
Шундан кейин Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишлардан бирида кичик АЭС масаласидан ташқари, катта қувватли АЭС қуришнинг техник-иқтисодий жиҳатлари ва уни барпо этиш режалари ҳам кўриб чиқилганди.
- 15 апрел куни Жиззахда кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси учун биринчи ишлаб чиқариш бинолари қурилиши бошланди. Ўтган ҳафта “Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмадхўжаев Хитойда бўлиб, бу мамлакат компанияларини Жиззахдаги АЭС лойиҳасига сармоя киритишга чақирди.
Мавзуга оид

00:46 / 28.04.2025
Хитой атом энергетикаси соҳасида дунёда етакчига айланди

22:04 / 23.04.2025
Ўзбекистон Хитойга Жиззахдаги АЭС лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилди

17:06 / 23.04.2025
Хитой Ойда АЭС қуриш режасини тасдиқлади

21:26 / 15.04.2025