Жаҳон | 22:31 / 28.04.2025
1174
2 дақиқада ўқилади

BRICS янги валюта яратишни режалаштирмаяпти

Ассоциация фақат ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишни муҳокама қилмоқда.

Фото: Getty images

BRICS давлатлари ҳозиргилар ўрнига янги валюта яратишни режалаштирмаяпти, деди Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейра.

Унинг аниқлик киритишича, ассоциация фақат ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишни муҳокама қилмоқда.

«Платформалардан бири маҳаллий валюталарда савдо қилмоқда, бироқ валюталарни алмаштириш ёки янгисини яратиш лойиҳаси йўқ, фақат арзонроқ транзакцияларга қизиқиш бор», деди Виейра.

28 апрель куни Рио-де-Жанейрода BRICS ташқи ишлар вазирлари саммити бошланди. Виейранинг айтишича, ассоциация 2026 йилда Ҳиндистон раислиги остидаги ушбу учрашувларнинг аниқ натижаларини тақдим этади.

2023 йилда Россия ТИВ келажакда BRICS мамлакатлари учун ягона валюта яратилишини истисно қилмади. 2024 йил октябрь ойида президент Владимир Путин бу масалани муҳокама қилиш эрта эканлигини айтди. 2025 йил январида Кремль BRICS мамлакатлари умумий валюта яратиш масаласини муҳокама қилмаётганига аниқлик киритди.

Кейинчалик АҚШ президенти Доналд Трамп BRICS давлатларига янги валюта яратиш ва доллардан воз кечишга уринишлари учун 100 фоизлик бож билан таҳдид қилди.

BRICS (Brazil, Russia, India, China, South Africa давлатлари номининг бош ҳарфларидан тузилган қисқартма) 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди.

2023 йилда Йоҳаннесбургда бўлиб ўтган BRICS саммитида ягона валюта яратиш масаласи муҳокама қилинди. Муҳокама иштирокчилари ушбу валютанинг мақсадини савдо ва лойиҳаларни молиялаштиришни соддалаштириш, шунингдек, халқаро ҳисоб-китобларда доллар ва еврога қарамликни камайтириш деб атаган.

Мавзуга оид