Ўзбекистон | 21:43 / 28.04.2025
705
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта БМТ Статистика комиссияси аъзолигига сайланди

БМТ Статистика комиссияси универсал статистика стандартлари ва методологик принципларга оид ишларни мувофиқлаштиради. Комиссия аъзолик Ўзбекистонга глобал статистик сиёсатни шакллантиришда иштирок этиш имконини беради.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов / Фото: Facebook

Ню-Йоркда БМТ Статистика комиссиясининг 2026-2029 йилларга аъзо давлатлари сайланди. Тарихда илк марта Ўзбекистон Республикаси ушбу орган аъзоси этиб бир овоздан сайланди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Статистика комиссиясига тўлиқ аъзо бўлиш Ўзбекистон учун глобал статистик сиёсатни шакллантиришда иштирок этиш, миллий тажриба ва ислоҳотлар ютуқларини намойиш этиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятларни очиб беради.

Статистика комиссияси 1947 йилда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан функционал орган сифатида ташкил этилган.

Комиссия халқаро статистика соҳасининг ривожланишини белгиловчи асосий ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, универсал статистика стандартлари ва методологик принципларга оид ишларни мувофиқлаштиради. Комиссия 24 та давлатдан иборат бўлиб, улар 4 йилда бир марта географик тақсимотни ҳисобга олиб сайланади.

Мавзуга оид