“Судлашиб, Тошкентдаги мингдан зиёд дарахтларни асраб қолганмиз” — экофаол Алишер Насимов
“Тоза ҳаводан нафас олиш – сизнинг ҳуқуқингиз, уни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейди экофаол Алишер Насимов. У дарахтзорлар ўрни қурилишга бериб юборилган ҳолатлар бўйича аҳолига ҳуқуқий ёрдам бериб келмоқда. Жамоатчилик фаоли Kun.uz билан суҳбатда экологияга зид ер ажратишлар ва дарахткесарлик учун жавобгарлик чораларининг таъсири йўқлиги ҳақида сўзлаб берди.
“Судларда курашиб, дарахтзорларни асраб қоляпмиз”
— Тошкентда 54 йилдан бери яшаб келаман, муҳандисман, қурилиш институтини битирганман. Ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланаман. 20 йилча илгари “Экология хабарномаси” журналида ишлаганман. Табиатга бўлган меҳрим ошса ошдики, камаймади.
Кўп ижтимоий тармоқларда одамлар дарахтларни сақлаб қолишда ёрдам сўраб ёзади. Ўзимга ўхшаган экофаоллар жуда кам. Анча жойларни асраб қолдик. Чилонзордаги 11-мавзеда 300 та, Учтепада 1000 та, Юнусобод 11-мавзеда 150 тага яқин дарахтни асраб қолганмиз. 50 йиллик дарахтзор, кўрсангиз қоронғи деб ўйлайсиз. Биз дарахт экишга эмас, кўпроқ борларини асраб қолишга ҳаракат қиламиз.
Тоза ҳаводан нафас олиш ҳаққингиз, уни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нафас олиш учун ҳам пул тўлаймиз, деган нарсага бориб қолмайлик. Органларда ишлайдиган одамлар ҳам биз билан бирга шу ҳаводан нафас олади. Шу дарахтларни кесишга рухсат берса ёки кесса, ўзи ўтирган шохни кесган бўлади.
“Ер ажратишдан олдин экологик ўрганишлар ўтказилмаяпти”
— Охирги пайтларда жуда кўп дарахтларнинг илдиз қисмини асфалт қилишяпти, бунда дарахтлар 4-5 йилда нобуд бўлиб кетади. Чунки уларга табиатдан, атмосферадан ва ердан керакли микроэлементларни олишда тўсилган бетонлар тўсқинлик қилади. Шунинг учун кўп жойларда дарахтларни арралаш ҳолатлари бор. Бизга бу борада мурожаатлар келади ва биз қўлдан келганча дарахтларни асфалтдан бўшатамиз, 50-60 см квадрат доира шаклида бўшатишга ҳаракат қиламиз.
Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Чилонзор туманларида ишладик. Асосий ишларим Юнусобод ва Учтепа туманида бўлди. Маҳаллий ҳокимликлар ўрганмасдан туриб, жойига чиқмаган ҳолда “ма, сенга ер” деб, аукционга чиқарворган, сотиб юборган. Ҳоким қарор қабул қилишдан олдин экологик экспертизаси қонунига асосан экологик экспертиза ўтказиши керак.
Жойига чиқиб, дарахтларнинг ёшига қараб масофа сақлаш қоидалари бор. Ҳеч қанақа тадбирлар ўтказмай қурилишларга рухсатнома берилган, бу одамларнинг норозилигига олиб келяпти. Одамлар ҳокимият ёки бошқа органларга мурожаат билан чиқади, лекин улар қарорларни бекор қилиб, одамларга ёндашиб, судга ариза киритишга ҳаракат қилмайди. Мен бу борада кўп бора одамларга ёрдам бераман, мен ишни фақат суд билан ҳал қилиш керак дейман.
50 йиллик дарахтни кўчириб ўтқазиб бўлмайди, 100 фоиз кафолат йўқ у дарахт яшаб кетишига. Экология ҳозир бунга эътибор бериб, катта дарахтларни кўчиришга рухсат бермаяпти. Ер кодексининг 66-моддаси бор, дарахтзорларни эгаллаган ер майдонларида қурилишга рухсат берилмайди. Чунки сал нарироқни ковласангиз ҳам дарахтнинг илдизи шу ергача келган бўлиши мумкин, бу дарахт қуриб кетишига олиб келади.
“Қиммат дарахтми, оддийми – қонунда ҳаммасининг мақоми тенг бўлиши керак”
— Кўп жойларда дарахтлар кесиляпти. Бир неча кун олдин Яшнобод тумани Машинасозлар маҳалласидан ёрдам сўраб чиқишди, борсам аллақачон 4-5 та дарахтлар кесилган. Қизил китобга ёки қимматбаҳо дарахтлар фондига киритилган дарахтлар кесилган. Бу жуда ҳам ваҳшийлик...
Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жавобгарликни кучайтиришни сўраб мурожаат қилдим. Ҳозирги қарорларда қимматбаҳо дарахтлар деб алоҳида ажратиб кўрсатилган, лекин шарт эмас, дарахт қимматбаҳоми, ёки оддийлиги, ҳаммаси би хил кислород беради. Шу қимматбаҳо деган жойини олиб ташланглар, ҳамма кесилган дарахтлар учун жавобгарлик қаттиқ бўлсин. Қурувчилар келади-да, иккита дарахт бор экан, кесиб ташлаб, жаримасини тўлаб, сотилган квартиралардан пулини чиқариб оламиз, дейди. Бу нарса уларни тўхтатмайди. Жиноий жавобгарликни кучайтириб, 3-5 йил қамоқ жазоси белгиланса, арзимаган нарса учун қамалиб кетмай деб ўйлаб кўради.
Қурувчи фирмалар кўпинча кўчадан одам топиб келади-да, сен бўйнинга ол, дейди. Мен ҳали бирорта фирмага протокол қилинганини кўрганим йўқ. Ҳаммаси Тошкентда бўлаётган нарсалар. Уларда табиатни асраш, табиатга меҳр бериш деган нарсалар йўқ, ҳаммасининг меҳри пулга.
“Дардингни кимга айтишни билмайсан, юрагинг оғрийди”
— Беркитадиган нарса йўқ, фикримни билдираман, экологик партияни тозалаб, астойдил ишлайдиган одамларни қўйиш керак. Ўзим ташаббус билдириб, бир нечта масалалар юзасидан жавобгарликни кучайтириш борасида мурожаат қилиб жавоб ололмадим. Партия жим. Депутатлар келиб суҳбат қилишди, лекин векторни бошқа томонга буришга ҳаракат қилишди.
Ўтган йилдан бошлаб собиқ вакцина институти бор эди, ўшанинг ҳудудида 200 дан зиёд дарахт кесилиб кетган. Ўрнида “Hills Blue” қуриляпти. Шу масала билан уларга чиқдим, прокутурага чиқдим, жавоб йўқ. Google Maps'га қарасангиз, бу ер 2023 йилда қандай бўлган-у, ҳозир қандай...
Дардингни кимга айтишни билмайсан, юрагинг оғрийди. Ҳар бири 50 йиллик дарахтлар улар. Ўша ерда яшаб юрган одамлар дарахтлардан нафас олади. Бундан ташқари, шаҳар атрофида иссиқхоналар жуда кўп. Тошкент туманига чиққанимизда аҳоли билан рейд қилганмиз. Битта иссиқхонага чиққанимизда тушунарсиз материалларни майдалаб, печда ёқишган. Бир метр узоқдан нарироқда ҳеч нарса кўринмайди, шунчалик тутун бўлиб кетган. Экологияни чақирдик, ўлчаб жарима ёзиб кетди. Бир-икки кун ишламади-да, яна ўз ҳолатига қайтди. Жавобгарликни кучайтириш керак барибир. Тошкент атрофи бўлгани учун шамол билан учиб шаҳарга келади. Тошкентда эътибор берсангиз ҳамма йўталиб юради, қуруқ йўтал ҳаммада. Сабаби ҳавонинг зарарли моддалар аралашмаси кўпайиб кетгани билан боғлиқ деб ўйлайман. Одам ачиниб кетади, Тошкент олдин қанақа чиройли эди. Аввал дарахтлар уйлардан баланд турарди. Фақат Чилонзор Юнусободнинг айрим жойларида қолган катта дарахтлар.
“Тошкент снос” гуруҳ бор, қачон қарама фалон маҳаллада дарахт кесиляпти деган хабар чиқади. Ҳеч ким бу нарсага жиддий эътибор бераётгани йўқ, бутун Тошкентдаги ҳолатларга қарши курашишга бир ўзимнинг кучим етмайди. Баъзан одамларга қаерга мурожаат қилишни ўзим айтаман, одам ўзи ҳаракат қилса, кучи ва вақтининг қадрига етади.
Экофаолликдан ташқари, ҳуқуқий фаолман. Одамлар ноқонуний қурилишларни тўхтатиш бўйича кўп мурожаат қилади. Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан экологик экспертиза ўтказмасдан туриб кўп рухсатномалар берилган, шуларни ҳақиқий эмас деб топиш учун судларга мурожаат қиламиз. Кўп вазиятлар бўйича берган аризаларимизни судлар 90 фоиз ҳолатда қониқтиради.
“Тошкентда 200 дан зиёд маҳалла бинолари қурилади, ажратилган ерларда кўп йиллик дарахтлар бор”
— Табиатни муҳофаза қилиш борасида ўнтача норматив ҳужжатлар бор. Лекин ижро ҳали суст, давлат идоралари “отписка”дан бошқа жавоб беришмайди. Ҳозир ҳам Тошкент шаҳар ҳокимининг махфийлик белгиси билан белгиланган қарори чиққан: 200 дан ошиқ маҳаллага маҳалла биноларини қуриш учун ер участкалари ажратилган. Лекин қарор чиқаришдан олдин жойига бориб ўрганилмаган, кўп йиллик дарахтлар бор бу жойларда. Экология ва табиатни муҳофаза қилиш органлари билан вазиятни ўрганмай туриб рухсатнома берилган, бу одамларнинг норозилигига олиб келяпти.
Барча ўзбекистонликлар табиатга эътиборини қаратиши керак. Давлатимиз томонидан “яшил ҳудуд”, “яшил макон” лойиҳалари амалга ошириляпти. Экополиция тузилган. Одамлар аввалгига қараганда анча фаоллашган. Лекин аввал ҳеч ким эътибор бермаган, мактабларда ўргатилмасди. Ҳозир болалар кўчаларни тоза тутишда фаоллашган.
Мадина Очилова,
Диёрахон Набижонова,
Kun.uz
Мавзуга оид

09:38 / 26.04.2025
Eco Expo Central Asia: Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади

07:35 / 25.04.2025
Ўзбекистоннинг кўп асрлик 9 туп дарахти махсус халқаро рўйхатга киритилди

20:34 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди

08:50 / 24.04.2025