Фан-техника | 07:50
847
2 дақиқада ўқилади

Amazon орбитага Starlink учун рақобатчи бўлган сунъий йўлдошларни учирди

Жефф Безос компанияси 2025 йилда Kuiper лойиҳаси доирасида Starlink'га ўхшаш интернетга уланишни таъминлашни бошлаши кутилмоқда.

Фото: United Launch Alliance

Американинг Amazon корпорацияси Kuiper лойиҳаси доирасида вазифаси сунъий йўлдош алоқа тармоғини яратишдан иборат бўлган алоқа сунъий йўлдошларининг биринчи партиясини орбитага муваффақиятли олиб чиқди. 28 апрел, душанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:00да АҚШнинг Канаверал бурунидан бортида 27 сунъий йўлдоши бўлган Atlas V ракетаси учирилди, деб хабар берди ракета ишлаб чиқарувчи United Launch Alliance.

Atlas V'нинг учирилиши дастлаб апрел ойининг бошига режалаштирилган эди, бироқ ноқулай об-ҳаво туфайли қолдирилди.

Жойлаштирилгандан сўнг, сунъий йўлдошлар Ер паст орбитасида тахминан 400 миля (630 км) баландликда айлана бошлайди. Умуман олганда, лойиҳа доирасида Amazon яқин йилларда орбитага 3200 дан ортиқ сунъий йўлдошларни чиқаришни режалаштирмоқда, улар 12 ерусти станцияси билан биргаликда ишлайди.

Тизим 400 Мбит/с минимал тезликда кенг полосали интернетга уланишни таъминлаши кутилмоқда. Қурилмаларни орбитага чиқариш учун Amazon нафақат миллиардер Жефф Безосга тегишли Blue Origin ракеталаридан фойдаланади, балки Европада янги ракета учириш қурилмаларини ҳам сотиб олди.

«Койпер» деб талаффуз қилинадиган Kuiper номи қуёш тизимининг чеккасида жойлашган Койпер камарига ишора қилади. Кичик самовий жисмларни ўз ичига олган бу жой бутун Қуёш тизими шаклланган протопланетар туманликнинг қолдиғи ҳисобланади.

Мавзуга оид