АҚШнинг 60 млн долларлик қирувчи самолёти Қизил денгизга чўкиб кетди
F/А-18 Super Hornet қирувчи самолёти Яман ҳусийларига қарши операция доирасида «Ҳарри Трумэн» авиаташувчиси палубасидан сувга тушиб кетди.

Фото: Getty images
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг F/А-18 Super Hornet қирувчи самолёти Яман ҳусийларига қарши операция доирасида Қизил денгизда сузиб юрган «Ҳарри Трумэн» авиаташувчиси палубасидан сувга тушиб кетди.
Ҳарбий-денгиз кучларининг 28 апрелдаги баёнотида таъкидланишича, қирувчини шатакка олиш вақтида экипаж бошқарувни йўқотган ва натижада самолёт ҳамда шатакчи бортдан ташқарига қулаган. Экипажнинг барча аъзолари топилган, бир нафар денгизчи енгил жароҳат олган.
CNN маълумотларига кўра, ушбу ҳодиса авиаташувчи Яман ҳусийларининг ҳужумига чап бериш мақсадида кескин бурилишни амалга оширганини англатади, бу эса самолётнинг сувга тушиб кетишига сабаб бўлган. Ҳусийлар 28 апрел куни дронлар ва ракеталар ёрдамида «Ҳарри Трумэн» авиаташувчисига зарбалар берганини маълум қилганди. CNN’нинг яна бир суҳбатдошига кўра, самолёт чўкиб кетган.
Ҳарбий-денгиз кучлари маълумотларига кўра, битта F/А-18 қирувчисининг нархи 60 миллион доллардан ошади. Қайд этилишича, авиаташувчининг зарба гуруҳи ва унинг авиақаноти «тўлиқ жанговар ҳолатда қолмоқда». Самолётнинг бортдан қулашига боғлиқ ҳолат тергов қилинади.
2023 йил куздан бери Яман ҳусийлари мунтазам равишда Қизил денгиздаги фуқаролик ва ҳарбий кемаларга ҳужумлар уюштириб келмоқда. Ўша йилнинг ноябрида гуруҳ Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум уюштирилишини айтиб, ўз ҳаракатларини «Америка—Исроилнинг Ғазо секторидаги босқинчилигига» жавоб деб атаган.
2025 йил 15 мартдан бери АҚШ Марказий қўмондонлиги кучлари ҳусийларга қарши операция ўтказмоқда. Ушбу кампания доирасида «Ҳарри Трумэн» авиаташувчиси бир неча бор ҳужумга учраган. Шунингдек, АҚШнинг бошқа ҳарбий кемаларига ҳам зарбалар берилган.
Мавзуга оид

21:12 / 29.04.2025
Трамп жамоаси учинчи эҳтимолий импичментга тайёргарликни бошлади

19:29 / 29.04.2025
АҚШдан депортация қилинадиган ўзбекистонликлар махсус чартер рейс билан Тошкентга олиб келинади

15:27 / 29.04.2025
Исроилга қарши суд эшитуви, Ҳиндистон ҳужумини кутаётган Покистон ва Украинада 9 май оташкесими — кун дайжести

07:40 / 29.04.2025