Жаҳон | 23:31 / 29.04.2025
724
2 дақиқада ўқилади

Пентагон аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш дастурини ёпди

АҚШ мудофаа вазири «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» дастури ёпилишини эълон қилди. Унга кўра, ҳарбий хизматчилар ушбу дастурдан норози.

Пит Ҳегсет / Фото: Getty images

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» (WPS) дастури ёпилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу дастур қўмондонларни ортиқча юкламоқда, ҳарбий хизматчилар эса ундан норози.

«Бугун эрталаб мен фахр билан «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» дастурини якунладим… Шу кундан бошлаб Мудофаа вазирлиги қонун билан талаб қилинган минимал даражадаги WPS фаолиятини давом эттиради ва кейинги буджетимиз доирасида ушбу дастурга барҳам бериш учун курашади», — деб ёзади Пит Ҳегсет Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

Пентагон раҳбарининг қўшимча қилишича, бу дастурни фақат феминистлар ва сўл фаоллар илгари сурмоқда. «Бу — Байденнинг яна бир баҳсли «ижтимоий адолат» ташаббуси бўлиб, қўмондонларимиз ва қўшинларимизга ортиқча юк бўлмоқда ҳамда бизнинг асосий вазифамиз — уруш олиб боришдан чалғитяпти», — дейди у.

«Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2000 йилги резолюциясига асосида ишлаб чиқилган. Ташкилот расмий сайтида қайд этилишича, ушбу дастур аёлларнинг тинчликни сақлашдаги иштирокини тенглаштириш ҳамда ҳарбий можаролар вақтида гендер асосидаги зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган. АҚШ Мудофаа вазирлигида бу дастур 2017 йилда, Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида ишга туширилган.

2025 йил январ ойида Доналд Трамп «хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик» сиёсати доирасида амал қилган барча дастурларни тугатиш тўғрисида фармон имзолаган эди. Ушбу дастурларни амалга ошириш учун масъул бўлган ходимлар ишдан бўшатилган.

Мавзуга оид