Спорт | 13:50
5504
16 дақиқада ўқилади

No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?

«Спортс.ру» колумнистлари Вадим Лукомский, Вячеслав Палагин ва Артём Денисов ЕЧЛ яримфиналидаги биринчи ўйинни таҳлил қилишди.

«ПСЖ» Чемпионлар лигасининг «Эмирейтс»да кечган биринчи яримфинал ўйинида «Арсенал»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтди. 

Ўйин олдидан Микел Артета учун асосий бошқотирма Томас Партининг дисквалификацияси эди. Жамоада унинг позициясига фақат Жоржинио бор, аммо у ҳам жароҳатланган. Натижада Деклан Райсни орқароққа туширишга, унинг ўрнига эса сўнгги вақтларда марказий ҳужумчига айлантирилган Микел Меринони қайтаришга тўғри келди. Бу эса олдинги чизиқдаги конфигурацияни ўзгартириб юборди. «Арсенал»да тўққизлик позициясида Леандро Троссар туширилди: белгиялик ҳужумчида тажриба бор, аммо сўнгги вақтларда у фақат муқобил вариант сифатида кўриб келинган. 

«ПСЖ» эса оптимал таркибни тушириши мумкин эди: жамоада умуман жароҳат олганлар ва дисквалификацияга учраганлар йўқ. Брэдли Барколя сўнгги вақтларда формасини йўқотган, шунинг учун Хвича Кварацхелия ва Дезире Дуэга устуворлик берилди.

«ПСЖ» «Энфилд»даги голни такрорлади. Майда деталларгача «кўчирилди»

Икки голдаги умумийлик жуда кўп. Қуйида икки ўйиндаги вазиятлар кўриб чиқилади.

Икки ҳужум бошланишида ҳам Нуну Мендеш Усмон Дембелега пас берди. Икки сафар ҳам у прессингни ёриб ўтди ва рақибларнинг ярмини вазиятдан узиб қўйди. Муҳим жиҳати: Мендеш нафақат ўзини таклиф қилган Дембелени вақтида пайқади, балки пас ҳам жуда қулай борди – шунчаликки, тўпни ўзига бўйсундириш учун ортиқча вақт йўқотилмади. Агар тўп идеал бормаганида, рақиблар қаршилик кўрсатишга улгуриши ва зарарни минималлаштириши мумкин эди.

«Париж» ҳавбекларидан бирининг ҳаракатига тўғри баҳо берилмагани. «Энфилд»да Витинянинг чалғитувчи ҳаракати муҳим рол ўйнаганди. Агар у Доминик Собослаини ўзи билан олиб кетмаганида, пас йўналиши ёпилган бўларди.

«Эмирейтс»да эса Фабиан Руис шунга ўхшаш вазифани бажарди. Испаниялик яримҳимоячи таянч зонасидан Деклан Райсни ўзи билан олиб кетди. Схемада бўшлиқ юзага келмаслиги учун Райснинг жамоадошлари дарҳол реакция кўрсатиши талаб этиларди. Микел Мерино пас манзилларидан бирини ёпди, Габриэл Мартинелли эса вазиятдан узилиб қолди ва Дембеле эркин ҳаракатланишига йўл қўйди.

● Дембеленинг ҳужумни якунлашдаги ҳиссаси. Француз ҳужумчиси алдамчи тўққизлик роли билангина чекланмади. Икки ҳолатда ҳам у майдонни жуда яхши кўра олишини намойиш этди. «Энфилд»да у Конате секинлашганини пайқаган ва жарима майдонига ёриб кирганди. «Эмирейтс»да эса у Райс бўш қолдирган таянч зонасини эгаллади.

Дембеле анча вақтгача «Арсенал» мудофаасини таҳлика остида ушлаб турди. У алдамчи тўққизлик сифатидаги энг яхши ўйинини ўтказди

Голли ҳужум – Дембеле ортга қайтиб ўйнаган кўплаб эпизодлардан бири эди. У мунтазам равишда ҳужумнинг бошланғич нуқтасида ўзини таклиф қилди.

Бу Энрике уни доимий ҳаракатда бўлувчи алдамчи тўққизлик ролига тайинлаган 2025 йил учун одатий ҳолатдир. Дембеле ҳужумлар давомида ўзи учун севимли бўлган ўнг қанотга ўтиши, ўнлик вазифасида пайдо бўлиши, орқароққа қайтиши мумкин – у умуман ҳужум чизиғи учи бўлиб қолмайди. 

Аммо «Арсенал» билан ўйин Дембеле жуда ҳам орқага қайтиши ва у бу ишни кўп марта амалга ошириши билан ажралиб турди. Усмон одатда майдон бўйлаб ҳаракатланишдан завқ олади (гоҳ қанотга кетади, гоҳ марказ бўйлаб орқароқ тушади), «Эмирейтс»да эса деярли мунтазам равишда марказий йўлак бўйлаб ҳаракатланди ва жуда чуқур тушишдан тортинмади.

Дембеле тўпни ҳимоядан олиб чиқишда ўз жамоаси жарима майдони яқинигача келган ҳолатлар ҳам бўлди. Бунақаси аввал кузатилмаганди.

«ПСЖ» футболчилари 2025 йилда бир-бирини тўлдириб ўйнаш бўйича дарс бермоқда – бу айниқса Дембеле марказий форвард позициясини ташлаб, қанотларга кетганида яққол кўринади. Сўнгги ойларда Жоау Невеш ва Фабиан Руис марказий ҳужумчи зонаси бўш қолмаслиги учун мунтазам равишда олдинга чиқиб ўйнамоқда.

Дембеленинг ортга қайтиб ўйнаши – «ПСЖ» ўйин бошида ташаббусга эгалик қилганининг асосий омилларидан бўлди. Вақт ўтиб «Арсенал» бунга мослашди ва марказий ҳимоячилардан бири Дембелени таъқиб қилиб, рақиб майдонига қадар келишга ўтди. Аммо ўйиннинг дастлабки қисмида «Арсенал» Дембеле кўп ва жуда тез-тез қўшимча яримҳимоячига айланишига тайёр бўлмаганди.

«Арсенал» таянч зонасида Партисиз муаммолар занжири юзага келди

«Арсенал» таянч зонасида илк дақиқалардан Деклан Райс ва Микел Мерино жуфтлиги ҳаракат қилди. Жоржинио ва Томас Парти бир вақтнинг ўзида сафдан чиққанди. Улардан ҳеч бўлмаганда бири ўйинда қатнаша олганида Райс одатий ролини бажариши, Мерино эса янги, аммо муваффақият билан мослашган номинал ҳужумчи сифатида ўйнашда давом этишини таъминлаган бўларди. Афсуски, Жоржинио жароҳатланган, Парти эса Мадриддаги ўйинда аҳмоқона сариқ карточка олган ва дисквалификация туфайли яримфиналнинг биринчи ўйинини ўтказиб юборадиган бўлганди. 

Қайд этиш муҳим: муаммо фақат ихтисослашган таянч яримҳимоячи етишмовчилигида эмас, балки Райс ва Меринонинг роллари ўзгариб, ҳужумни қайтадан қуришни талаб этганида ҳамдир. Бу майдон марказидаги барча механизмларга жиддий таъсир кўрсатди.

Иккита тизимли муаммони алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. 

Биринчиси – таянч зонасида Райс-Мерино боғламида Деклан ёрдамчи эмас, балки асосий ролни бажариши олдин синаб кўрилмагани. Тезкор ва катта ҳажмда иш бажарувчи, тўпни олиб қўйишда аъло ҳаракатланувчи Райс – ўйинни ташкил этиш билан шуғулланувчи таянч яримҳимоячиси учун идеал ёрдамчи бўла олади. Бу ўйинда у ўзини Партининг ўрнида синаб кўриши керак эди, унга ёрдамчи сифатида эса фақат тезлиги юқори бўлмаган Мерино бор эди.

Қолаверса, бу жуфтликка ҳаракатларни мувофиқлаштириб ўйнаш амалиёти етишмади. Бир неча ҳолатда улардан бири ўзи масъул бўлган зонага шеригини чақирмасдан қанотга ёрдам бериш учун кетиб қолди ва зарба бериш учун бўшлиқ юзага келди.

Қуйида Райс очиқ қолдирган зонада – Дембеле ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан зарба бериб, ҳисобни очди.

Бунисида Мерино бўш қолдириб кетган ҳудудда Невеш қулай вазиятга эга бўлди.

Яна бир муҳим пробел – ҳужумларни қуришда паслар тўғри берилмагани. Райс тўп билан олдинга юришда ва рақиб жарима майдонигача боришда жуда кучли, аммо паслар билан шерикларини олдинга бошлашда ва ўйин темпини белгилашда Парти ёки Жоржинио каби бўлолмайди.

Бу вазиятда у қаршисида катта бўшлиққа эга бўлиб турган Эдегорга пас бериши мумкин эди...

...аммо рақиб футболчилари босими остида бўлган қанотга тўп узатди.

У тўпни қабул қилишда тўлиқ ўз дарвозаси томон қараб туриб олган, натижада тезлик билан ҳужумни ривожлантиролмади.

Тўпни таъқиб остидаги шеригига узатиб, яна бир бор истиқболли ҳужумни йўққа чиқарди.

Бу вазиятда эса ўнг қанотда унинг икки жамоадоши тўпни қабул қилишга тайёр турган ва уларнинг қаршисида катта ҳудуд юзага келганди, у эса ўнг томонга қараб ҳам қўймади.

Троссарга пас берди, аммо тўпни унинг йўлига ташлаб бермасдан, ноқулай пас билан югуришга чоғланган шеригини тўхтаб, ортга қайтишга мажбур қилди.

Бундай эпизодлар алоҳида олинганида ҳалокатли бўлиб кўринмайди. Аммо биргаликда тўпга самарали эгалик қилиш билан рақиб учун қулай бўлган секин ва кўп узатмалар орқали ўйнаш ўртасидаги фарқни кўрсатиб қўяди. Парти рақиблар учун синовга айланадиган ҳамда жамоанинг ҳужумдаги ҳолатини яхшилайдиган юриш йўналишларини жуда тез топа оларди. Райс эса ҳозирча топ-реджист сифатларига эга эмас.

Яқимли истисно – иккинчи бўлимдаги бир вазият бўлди, у ажойиб рейд уюштирди.

Бу эса Троссар яккама-якка вазиятга чиқиб боришига олиб келди.

Феноменал эпизод, аммо у бу вазиятни сифатли пас ва вазиятни баҳолаш орқали эмас, тўпни катта масофада олиб юриш қобилияти туфайли яратди. Райс учун бундай рейдларни амалга ошириш одатий ролида – Партининг ўрнига эмас, балки унинг ёнида тушганида қулайроқ. У бу ҳужумда барчасини бенуқсон амалга оширди, аммо бундай рейд уюштириш учун Декланда имконият одатдагидан камроқ бўлиши табиий эди. 

Индивидуал жиҳатдан Райс ва Меринога эътироз кўп эмас, аммо муаммолар занжири уларга дискомфорт яратди. Улар «Реал» билан ўйинда кўрсатган сифатлар бу ўйинда етарлича намоён бўлмади.

«Арсенал» стандарт вазиятларга таянди

Ўйин давомида кўп кузатилган ҳолат – Давид Райя тўпни майдоннинг иккинчи қисмидан туриб ҳам жарима майдони ичига етказиб беришга уриниши бўлди.

Қисқа паслар орқали ҳимоядан чиқишга урғу қаратиладиган замонавий футбол учун кам учрайдиган картина.

Буни қандай изоҳлаш мумкин? 

Биринчидан, «Арсенал» ортиқча прессингни истамаслиги. Қисқа пас билан ўйин бошлаш парижликларнинг навбатдаги босим тўлқинини келтириб чиқариши мумкин эди. 

Иккинчидан, «Париж»нинг заиф нуқтаси – стандартлардан фойдаланишга уриниш. Франциядаги гегемонликка қарамай, «ПСЖ» – лиганинг бурчак ва жарима зарбаларидан кейин ўтказиб юборилган голлар бўйича энг ёмон жамоаларидан бири. Луис Энрике ҳам бу муаммони тан олади, аммо жамоа буни маскировка қилишга муваффақ бўлганини айтади: имкон қадар стандарт вазиятларга йўл қўйилмайди. 

«Арсенал» рақибнинг камчилигидан фойдалана олдими? Мунозарали савол. Бир томондан, бир неча ҳолатда иш зарбагача етиб борди. Бошқа томондан, хавфли қарши ҳужумлар эҳтимоли ҳисобга олиниб, стандарт вазиятларда бор имкониятлар ишга солинмади. Масалан, Райя тўп ошираётганида Уилям Салиба жарима майдонига бормади ва дарвозабонга яқин жойлашиб, Усмон Дембелени қўриқлади. 

Микел Меринонинг ҳисобга олинмаган голи – «Арсенал»нинг «Париж»нинг стандарт вазиятлардаги бўш ўйинига мослашишидан кўра одатий ижро эди. Рақиб жарима майдони атрофида стандарт вазият ишландими – беҳудага совурилмайди. Бор ресурслар ишга солинди ва амалда яқинда «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда ижро этилган комбинация такрорланди: илон шаклида сафланган футболчиларнинг дастлабкилари рақиб ҳимоячиларини блоклайди, кейингиларда эса эркинлик юзага келади. 

Ҳакимининг ёмон ўйини: «Арсенал» унинг заиф томонини фош қилди ва имкон қадар ноқулай сценарий юзага келтирди

Ҳакими уч марта алдаб ўтилди – ўйиндаги энг ёмон кўрсаткич.

Ҳар бир муваффақиятли дриблингдан кейин «Арсенал»да голли вазият юзага келди. Аввалига Букайо Сака чап қанотда пайдо бўлиб, Ҳакимидан ўтди ва нариги устун томон узатма берди, Доннарумма тўпга чиқишда хато қилди, аммо Мартинеллига керакли куч билан зарба бериш учун бир неча сантиметр етмади.

Кейин Якуб Кивёр Ҳакимини алдаб ўтди ва тўпни Меринога оширди – фақат Жоау Невеш сўнгги лаҳзада зарба беришга тўсқинлик қилишга улгурди.

Биринчи бўлим охирида Ҳакими Майлз Люис-Скеллига қарши муваффақиятсиз ўйнади, ундан ўтиб кетган ёш футболчи Мартинеллини яккама-якка вазиятга чиқариб юборди – Доннарумма қутқарди.

Бундан ташқари, Ҳакими биринчи бўлимдаёқ сариқ карточка олишга улгурди ва ўйин охирида яккама-якка вазиятда яна бир фол ишлатганида майдондан четлатилиши ҳам мумкин эди. 

Жарима майдони яқинида 1 га 1 ҳолатда қолиш – Ҳакимининг нозик томони. У дриблёрларга қарши дуэлларда фақат 45,9 фоиз ҳолатда муваффақиятли ҳаракатланган. Топ-лигалардаги қанот ҳимоячиларининг фақат 9 фоизида бундан ёмонроқ кўрсаткич. Жамоа чуқур ҳимояланганида Ҳакими таркибдаги энг ёмон футболчи бўлиб қолади. «ПСЖ»нинг аксар ўйинларида шунчаки бундай картина бўлмайди, аммо «Арсенал» маълум оралиқларда парижликларни жарима майдонига қамалиб олишга мажбур қилди.

Ва бу ҳаммаси эмас. 

Ҳакими – доимо юқори прессингда қўшимча футболчи бўлади. Агар рақиб тўрт ҳимоячидан иборат схема танлаган бўлса, «ПСЖ» шундай прессинг қилади: Хвича Кварацхелия ўнг қанот ҳимоячисига, Дембеле ва Дуэ – марказий ҳимоячиларга, Ҳакими – чап қанотга босим уюштиради.

Муаммо шундаки, «Арсенал»да чап қанот ҳимоячиси таянч зонасига тез-тез ўтувчи ва алдамчи фулбекка айланувчи Люис-Скелли эди. Ҳакими доим ҳам унинг ортидан эргашиб юра олмасди, натижада ёш инглиз эркинликка ва тўп билан ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди.

Бошқа ҳолатларда, Ҳакими барибир Люис-Скеллини таъқиб этишга қарор қилганида, «ПСЖ» ўнг қанотида бўшлиқлар юзага келди.

Якун: ўта ноқулай рақибга қарши прессинг қилиш вазифаси туфайли дриблёрларга қарши индивидуал муаммолар ҳамда тизимли узилишлар.

***

Ташаббус қўлдан қўлга ўтиши нуқтайи назаридан ўйин динамик кечди. Ўйин бошида парижликлар шунчаки бир бош баланд жамоадек бўлиб кўринганди. Тахминан 30-дақиқадан 75-дақиқага қадар бўлган оралиқда эса «Арсенал» назоратни ўз қўлига олиб, рақибни бўғиб қўйди ва голга яқин эди. Ўйин охирида эса «ПСЖ» хавфли қарши ҳужумлар уюштирди ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтириши ҳам мумкин эди. 

Жавоб ўйини олдидан «ПСЖ» яққол фаворит бўлиб кўринмоқда. Луис Энрике жамоаси тезкор ҳужумларда жуда яхши (агар «Арсенал» таваккалга қўл урса), шу билан бирга хавфсиз паслар билан ўйинни «ўлдириш»ни билади (агар «Арсенал» тўлиқ куч билан прессинг уюштириб, тўпни олиб қўймаса, парижликлар жавоб ўйинида ҳисобга қараб ўйнаши тайин).

Лондонликлар учун яхши янгилик ҳам бор: кейинги ўйинда Томас Парти қайтади – натижада Микел Мерино ва Деклан Райс ҳам ўзига қулайроқ позицияларда ўйнаши мумкин бўлади.

Мавзуга оид