Жаҳон | 17:12
1856
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия томонида туриб жанг қилишга юборилган қарийб 600 нафар КХДР ҳарбийси ҳалок бўлди

Олти ой давомида жанг қилиш натижасида КХДР ҳарбийларининг жанговар тайёргарлиги сезиларли даражада ошган, хусусан, улар янги қуроллардан фойдаланишни ўзлаштирган.

Фото: mil.ru

Россия—Украина урушида 600 га яқин Шимолий Корея ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, яна тахминан 4 минг нафар КХДР аскари яраланди. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий разведка хизматига таяниб Reuters хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган КХДР асркарлари Курск областида кремация қилинган.

Жанубий Корея разведкасининг қайд этишича, Россия томонида туриб олти ой давомида жанг қилиш натижасида КХДР ҳарбийларининг жанговар тайёргарлиги сезиларли даражада ошган, хусусан, улар янги қуроллардан, жумладан, дронлардан фойдаланишни ўзлаштирган.

Жанубий Корея ҳукумати маълумотларида келтирилишича, КХДР урушга умумий ҳисобда 15 мингга яқин ҳарбий хизматчисини юборган.

Шимолий Корея ҳарбийлари 2024 йил куздан бери Россияда. Улар Курск области жангларида иштирок этмоқда. РФ ва КХДР ҳукуматлари узоқ вақт давомида Россияда Шимолий Корея контингенти мавжудлигини расман тасдиқламай келди. Апрел охирларида КХДР ўз қўшинларини РФга Ким Чен Иннинг буйруғи билан икки томонлама стратегик шериклик шартномаси асосида юборганини эълон қилди. Ўз навбатида Владимир Путин Ким Чен Инга КХДРнинг Курск области жангларидаги иштироки учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид