Ўзбекистон ноқонуний мигрантларни юртига қайтариш бўйича бошқаларга намуна – Трамп маъмурияти
Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган 131 нафар ноқонуний меҳнат муҳожирларини олиб қайтган чартер рейс АҚШдаги нашрлар эътиборига тушди. Fox News хабарида Ўзбекистон ҳукумати депортация қилинган фуқароларини келишув доирасида ўз ҳисобидан олиб кетаётгани эътироф этилган.

Фото: Ўзбекистон ТИВ
АҚШ расмийлари президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган 131 кишини депортация қилиш бўйича амалиётни ташкил этгани ва молиялаштиргани учун миннатдорлик билдирди.
Fox News Digital марказий осиёликларни олиб қайтаётган рейс Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги келишув доирасида амалга оширилаётгани ҳақида ёзди.
«АҚШ билан келишувга кўра, 100 дан ортиқ ноқонуний муҳожирлар чоршанба куни Ўзбекистонга қайтади, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини қайтариш харажатларини тўлайди – бу президент Доналд Трамп лавозимга киришганидан бери хорижий ҳукумат билан биринчи шундай келишувдир. Бугун эрталаб учган рейс бортида 131 нафар муҳожир бўлган», – дейилган хабарда.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш учун чартер рейс ташкил этган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни алоҳида эътироф этган.
«Биз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш учун самолёт жўнатишга раҳбарлик қилгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутамиз», – дейди америкалик расмий.
Ўзбекистон ўз фуқароларини депортация қилишни тўлиқ молиялаштирган ушбу операция «давлатлар ўртасидаги чуқур хавфсизлик ҳамкорлигини таъкидлаши ва АҚШ иттифоқчилари учун стандарт вазифасини бажариши» таъкидланган.
Fox News Трамп маъмуриятига таяниб ёзишича, ушбу репатриация битими АҚШнинг бошқа давлатлар билан миграция масалалари бўйича қандай ҳамкорлик қилишини кўрсатиб берадиган намуна ҳисобланади. Битим АҚШ Давлат департаменти, Ички хавфсизлик вазирлиги, Оқ уй ва Миллий хавфсизлик кенгаши ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бир неча ой давом этган дипломатик музокаралар натижаси саналади.
Бундан олдинроқ Ўзбекистон ТИВ эришилган икки томонлама келишувлар доирасида 30 апрел куни АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Ню Йорк—Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилишини хабар қилганди.
Гап виза талабларини бузган ёки АҚШда қонуний қолиш муддати тугаган фуқаролар ҳақида бормоқда. ТИВ вакили репатриация жараёни инсонпарварлик ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтиши таъминланишини айтганди.
Мавзуга оид

13:57
Трамп: АҚШ Украина билан битимдан 350 млрд доллардан кўпроқ маблағ олади

10:55
Трамп ва Зеленскийнинг Ватикандаги 15 дақиқалик суҳбати тафсилотлари маълум қилинди

21:50 / 30.04.2025
АҚШ иқтисодиёти 2022 йилдан бери биринчи марта қисқарди – ОАВ

18:45 / 30.04.2025