Жаҳон | 20:05 / 04.05.2025
1998
2 дақиқада ўқилади

БМТ судяси қуллик меҳнатига мажбурлагани учун 6 йилга қамалди

Лидия Мугамбе угандалик аёлни Буюк Британияга олиб келиб, уни ўз уйида оқсочлик ва болаларига энагалик қилишга мажбурлаган.

Лидия Мугамбе

БМТ судяси Лидия Мугамбе угандалик аёлни Буюк Британияда оқсоч бўлиб ишлашга мажбур қилгани учун 6 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади The Guardian.

Терговчиларга кўра, Мугамбе ёш аёлнинг меҳнат қонунчилигидан бехабар эканидан фойдаланиб, уни ўз уйида оқсоч бўлиб ишлашга ва болаларига энагалик қилишга мажбурлаган.

Лидия Мугамбе Буюк Британиянинг иммиграция қонунларини бузиш, кимнидир ишлашга мажбурлаш ва гувоҳни қўрқитишда айбдор деб топилди. Шунингдек, суд маҳкум аёлга жабрланувчи билан бевосита ёки билвосита алоқада бўлишни тақиқлади.

Суддагиларнинг таъкидлашича, айбланувчи «қилган ишига ҳеч қандай пушаймонлик билдирмаган» ва содир бўлган воқеа учун жабрланувчини айблашга уринган. Жабрланувчига Буюк Британиядан бошпана тақдим этилган. У Уганда қайтишга қўрқишини айтган (Лидия Мугамбе Угандада Олий суд судьяларидан бири бўлган).

Лидия Мугамбе 2013 йилдан бери Уганда Олий суди судяси ҳисобланади, 2023 йилда у БМТнинг Халқаро қолдиқ механизми бўйича жиноий трибунал судяси этиб тайинланган. Ўша йилнинг ўзида Мугамбе Оксфорд университетида юриспруденцияни ўрганган. Федрал ойида эса полицияга Лидия Мугамбе Угандада бир аёлни алдаб олиб келгани, уни уйида ишлаш ва болаларига қарашга мажбурлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Мавзуга оид