Жамият | 11:00
2663
3 дақиқада ўқилади

“Ҳаракатим кўп, шунинг учун соғломман” – 75 ёшли боғбон ая

Тожихон ая Ҳамроқулова Олтиариқ туманининг Қапчуғай қишлоғидан. 75 ёшли ая анча тетик – велосипед минади, арғамчида сакрайди. Уй юмушларини ҳам ўзи бажаришга ҳаракат қилади. Тожихон ая ўзи яшайдиган ҳудуд атрофидаги бўш турган тошлоқ ерларга турли мевали дарахтлар эккан, улар мева беришни ҳам бошлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тожихон ая қаровсиз ётган ерларга кўчат экиб, ям-яшил боғ яратди.

“Намунали уйда яшайман. Эътибор бериб қарасам, теварак-атрофда ташландиқ ер кўп экан. Барибир умри ўтяпти деб қаровсиз ерларга меҳр бериб, кетмонда чопиб, тошларини териб, кўчатларни экиб, парваришлаб, сувларни бердим. Ҳозир мана, улар мевага кирди. Боғ қилгунча анча меҳнат сарфланди. Керак бўлса узоқдан челаклаб сув ташидим.

Энди эса боғимни кўриб баҳри дилим шунақанги очиляпти, қўни-қўшнилар, ўтган-кетган ҳавас қилади. Боғимни кўрганлар ҳозир раҳмат сизга холажон, шунақанги ташландиқ ерни шундай боғ қилиб юбордингиз-а, дейишяпти. Катта-ю кичик хурсанд.

Ҳар битта дарахтим билан гаплашаман, кўкаринглар, ўсинглар, деб. 23 хил дарахтим бор, бу дегани 23 хил мева. Учинчи йил бу йил ҳаммаси мевага кирди.

Энди ўзимнинг қанақа қувонганимни, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилганини ўзим биламан деб, ҳалиги тан бошқа, дард билмас деганларидек, таним бошқа-ю, ўзим биламан-да энди қанчалар яйраганимни, яшнаганимни. Бу дарахтларимга қарасам, баҳри дилим очилиб кетади. Кучимга куч, қувватимга қувват қўшилади.

75 ёшга кирдим ҳозир мана. Тиним билмайман. Бир кун олдин режалаштириб қўяман, эртага мана бу ишни қиламан, бугун мана бу ишни қиламан деб. Чарчоқ билмайман. Қилган сари кучга тўламан. Эрталаб бадантарбия қиламан. Арғамчим бор. 15 та сакрайман.

75 ёшга кирсам ҳам ғайратим бор, Худога шукр. Ҳаракат кўп бўлса “давление” нима эканини билмайсиз. Вақтида дам оламан, вақтида ишларимни қиламан. Қўйларгача, товуқларгача боқаман хонадонимда. Мана бу дарахтларимнинг тагидаги ўтларни юлиб-юлиб едираман.

Қишга сақлайдиганини сақлаб қўяман. Ана шунақа қилиб бир йилда бешта қўйимдан 10 миллион сўм фойда кўрдим. 10 миллион айтмоқ осонмас, яхши даромад-да энди 10 миллион. У пулга неварам контрактини тўладим. Неварам хурсанд бўлди. Энди яна қўй оламан шу кунларда. Худо хоҳласа, яна олмасам бўлмайди.

Турмуш ўртоғим ўтиб кетганига 25 йил бўлди. Болаларимга ҳаммасига ҳам ота, ҳам онаман. Икки ўғил, икки қизим бор…”, – дейди Тожихон ая Ҳамроқулова.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид