Жаҳон | 20:13 / 04.05.2025
19733
3 дақиқада ўқилади

Путин ўзига ворис тайёрлаётганини айтди

Россия президентининг сўзларига кўра, унинг вориси «халқ ишончини» қозониши керак. Шунингдек, у ўзида номзодлар рўйхати борлигига шама қилди.

Фото: Видеодан кадр

Россия президенти Владимир Путин вориси ким бўлиши ҳақида «доим» ўйлашини маълум қилди. Шунингдек, у ўзида номзодлар рўйхати борлигига шама қилди.

«Россия. Кремл. Путин. 25 йил» ҳужжатли филмида Путин ўз вориси «халқ ишончини» қозониши кераклигини, акс ҳолда президентда «нимадир жиддий иш қилиш имконияти» бўлмаслигини таъкидлаган. Унинг айтишича, халқда танлов бўлиши учун номзодлар бир нечта бўлгани яхши.

Турли йиллар давомида Путиннинг вориси сифати бош вазир Михаил Мишустин, бош вазир ўринбосари Дмитрий Патрушев, президент маъмурияти раҳбари ўринбосарлари Сергей Кириенко ва Дмитрий Козак, Москва мэри Сергей Собянин, Давлат кенгаши котиби Алексей Дюмин қараб келинган. Путиннинг ўзи Борис Елциннинг вориси ҳисобланади. Елцин 1999 йил 31 декабрда истеъфога чиқишини эълон қилиб, ваколатларини унга топшириб кетганди. Бунга қадар Путин куч тузилмалари ва ҳукуматда муҳим лавозимларни эгаллаган, жумладан, Федерал хавфсизлик хизмати директори ва бош вазир бўлган. Филм давомида у нима учун давлат раҳбари бўлганига ҳеч қачон шубҳа қилмаганини таъкидлади.

Путин 72 ёшда. 2024 йилда у бешинчи марта президентликка ўз номзодини илгари сурди. Сайловларга мустақил номзодлар қўйилмади. Марказий сайлов комиссияси Путин 87 фоизлик рекорд натижа билан ғалабага эришганини эълон қилди.

Бунга қадар Путин 2000, 2004, 2012 ва 2018 йиллар давомида президент этиб сайланган. Мамлакат конституцияси энг юқори давлат лавозимини кетма-кет икки мартадан ортиқ эгаллашни тақиқлайди. 2008 йилда ушбу чекловга «рокировка» ёрдамида риоя қилинган — ўшанда ҳокимият тўрт йилга Дмитрий Медведевга ўтганди. 2012 йилда Путин президентлик ваколатлари муддатини 6 йилгача узайтиришни таклиф қилган ва бу амалга ошган эди. Ушбу ўзгаришлар Медведевга таъсир кўрсатмади. Кейинги 10 йиллик бошқарувдан кейин Путин олдинги президентлик муддатларини «ноллаштириш» ва яна сайловларда қатнашиш учун конституцияни ўзгартиришга қарор қилди. Шундай қилиб, у 2030 йилги сайловларда ҳам иштирок этиб, ундан кейин яна 6 йил мамлакатни бошқара олади. Амалдаги Россия қонунчилигига мувофиқ, давлат раҳбари вафот этса, унинг ваколатлари бош вазирга ўтади.

Мавзуга оид