Ўзбекистон | 23:01 / 06.05.2025
1242
5 дақиқада ўқилади

6 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Сўх ва Шоҳимардонга машинада ўтиб-қайтишда юзага келган муаммолар, ИИВ тизимида янги тузилган департамент, июн каби исийдиган май ойи, ЮНEСКО рўйхатига киритилиши кутилаётган Тошкент бинолари — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сўх ва Шоҳимардонга машинада ўтиб-қайтишдаги муаммолар

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари – Сўх ва Шоҳимардонга ўтиб-қайтишда муаммо юзага келмоқда.

Мурожаатчиларга кўра, 1 майдан бошлаб Қирғизистон томони чегара постларида агар транспорт воситаси бошқа шахс номида бўлса, бош ишончнома талаб қилишни бошлаган. Бу эса чегара постлари олдида узун навбатларни юзага келтирмоқда.

Мазкур тартиб фақат сўхликлар учун эмас, аслида барча хориж фуқаролари учун Қирғизистон томонидан жорий этилган. Аммо Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудларини ҳисобга олиб, ушбу тартиб муддатини узайтириш ҳамда татбиқ этилмаслик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг маълум қилишича, Қирғизистон қонунчилигига мамлакат ҳудудига кириб келаётган ҳайдовчилардан агар транспорт воситаси бошқа бировнинг номида бўлса, бош ишончнома талаб қилиш бўйича ўзгартириш киритилган. Ушбу ўзгартириш 1 май кунидан кучга кирган.

Бироқ қўшниларимиз янги тартиб бўйича Ўзбекистон томонини расмий ахборот билан таъминламаган. 1 майдан сўнг ҳақиқатан чегарадан қайтариш бошланган. Шу билан бирга, бош ишончномаси бўлган ҳайдовчилар учун чегара постларидан ўтиб-қайтишда ҳеч қандай муаммо йўқлиги айтилмоқда.

ИИВ тизимида янги департамент ташкил этилди

«Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилди.

Ҳужжат билан ички ишлар органлари таркибида Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар зиммасига рақамли ечимларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш, электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида туманлараро рақамли технологиялар бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди. Ўрнига ИИВ раҳбари ўринбосари — Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти бошлиғи лавозими киритилди. Унга полковник Зуфар Курбанов тайинланди.

Ҳарорат 40 даражагача кўтарилади

Май ойининг ўрталарида Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ноодатий об-ҳаво юзага келиб, ҳарорат 40 даражагача кўтарилиши кутиляпти.

Хусусан, келаётган ҳафта давомида ҳарорат меъёрдан 3-6 даража юқори, худди июндаги каби бўлади. Бу сувга бўлган талабни оширади, сув хўжалиги тузилмаларига эса юклама худди ёз ойларидаги каби тушади.

Таъкидланишича, Ҳиндистонда муссонлар оқими бошланяпти. Бунинг фойдали томони кўп. Чунки нам ҳаво оқимлари водийга кириб келади.

Жаҳон метеорологик ташкилотининг май, июн, июл ойлари учун ҳарорат ва ёғингарчилик бўйича берган прогнозларига кўра, Марказий Осиё минтақасида ёғингарчилик кам, ҳарорат меъёрдан икки-уч даража юқори бўлади.

ЮНЕСКО рўйхатига киритилаётган Тошкентдаги бинолар

Украинанинг Kyiv Diplomatic журнали сайтида Тошкент шаҳрининг қадимий ва замонавий меъморчилигига бағишланган мақола эълон қилинди.

«Тошкентнинг кино ва архитектура тарихи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Иккаласи ҳам шаҳарнинг муҳим геосиёсий ролини ва бир вақтлар унинг кўчаларида ҳукмронлик қилган халқаро руҳни акс эттиради ва экранда ҳам, ундан ташқарида ҳам ажойиб санъат асарларини тақдим этади», — дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Тошкентнинг замонавий модернизми 2025 йилда бўлиб ўтадиган Венеция архитектура биенналесидаги Ўзбекистон павилонининг асосий мавзуси бўлади.

Пойтахтдаги 21 та бино ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш таклифи илгари сурилмоқда. Эълон қилинган лойиҳалар орасида «Жемчужина» экспериментал турар жой мажмуаси, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси, Чорсу бозори, «Космонавтлар» метро бекати, Алишер Навоий номидаги кинотеатр ва бошқа мажмуалар бор.

Мавзуга оид