«Қамоқхоналар қамоқхонаси». Трамп қайта тикламоқчи бўлган Алкатрас ҳақида нималар маълум?
Бу оролда XIX аср ўрталарида АҚШнинг ғарбий соҳилидаги биринчи маёқ қурилган бўлиб, у Тинч океанидаги кемаларга йўл кўрсатган. Худди ўша пайтларда у ерда Калифорнияни денгиз ҳужумларидан ҳимоя қиладиган, юзлаб тўпларга эга қалъа қурилган.

Фото: Getty Images
Аммо Алкатрас Шимолий Калифорниядаги Сан-Франциско кўрфази устидаги бу қояда АҚШнинг энг ашаддий гангстерлари учун қаттиқ режимли федерал қамоқхона жойлашган йилларда машҳур бўлди.
1934 йилдан 1962 йилгача «Қоя» деб номланган бу қамоқхонага қитъадаги бошқа қамоқхоналарга жойлаштириш учун ҳаддан ташқари хавфли деб ҳисобланган жиноятчилар ўтказилган.
Бу ердан энг машҳур қочиш 1962 йилда рўй берган ва унда иштирок этган уч маҳбус ҳақида бошқа ҳеч ким эшитмаган. Шундан кейин қамоқхона ёпилган, аммо у ҳақидаги афсоналар гувоҳларнинг хотиралари ва Ҳолливуд филмлари туфайли яшашда давом этмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп «Американинг энг шафқатсиз ва тажовузкор жиноятчилари»ни сақлаш учун Алкатрасни қайта очиш ва кенгайтиришни буюрди.
Бутун дунёга машҳур бўлишига қарамай, Алкатрас ҳақида кўпчилик бехабар бўлган фактлар бор.
Намунали қамоқхонами?

Ҳеч нарса унмайдиган қоялардан иборат Алкатрас оролидаги қалъа 1859 йилда қурилган.
Кейинчалик бу ер ҳарбий қамоқхонага айлантирилган. Расмийлар Сан-Франциско кўрфазидаги кучли оқимлар ва совуқ сув туфайли ундан қочишнинг имкони йўқ деб ҳисоблашган.
1912 йилга келиб бу ерда дунёдаги энг катта темир-бетон бино пайдо бўлади.
1933 йилдан бошлаб Алкатрас алоҳида турдаги қамоқхона сифатида обрў қозонди: у АҚШ ахлоқ тузатиш федерал бюроси томонидан «қамоқхоналар қамоқхонаси» деб номланган.
Амалда, бу АҚШнинг бошқа қамоқхоналарида ушлаб туриш учун жуда итоатсиз бўлган маҳбуслар шу ерга юборилишини англатарди.

Бу ерда 1×3 сақлаш тизими деб аталадиган тизим синовдан ўтказилади, унга кўра ҳар уч маҳбусга битта қўриқчи тўғри келарди. Кейинчалик бу тизим бошқа федерал қамоқхоналарга ҳам татбиқ этилади.
Қамоқхонанинг биринчи бошлиғи Жеймс Жонстон бўлиб, у қамоқхонадаги асосий нарса маҳбусларни реабилитация қилиш ва ижтимоий реинтеграция қилиш эмас, балки қаттиқ интизом деб ҳисоблаган. Унинг қоидаларига кўра, ҳар бир маҳбусга алоҳида камера ажратилган, лекин, албатта, унинг қулайлиги учун эмас: Жонстон қамоқда яккалаб қўйиш – бу фитна ва қочишнинг олдини олишнинг яхши усули деб биларди.
Амалдаги қоидаларнинг энг даҳшатлиси, қамоқхона аҳолисининг тажрибасига кўра, фавқулодда сукунат қоидаси эди: маҳбусларга фақат дам олиш кунлари дам олиш пайтида гаплашишга рухсат бериларди. Қоидаларни бузганларни «яма»га – маҳбусни ҳафталаб ушлаб туришлари мумкин бўлган ерости камерасига жўнатишган.
Кичик рақамлар, катта номлар
АҚШ қамоқхоналар федерал бюроси маълумотларига кўра, Алкатрасдаги маҳбуслар сони ҳар доим муассасанинг максимал сиғимидан паст бўлган.
Бу ерда ўртача 260 дан 275 нафаргача маҳбус сақланган, бу федерал қамоқхоналардаги жами маҳбусларнинг 1 фоизидан камроғини ташкил этарди. Аммо маҳбуслар сони кам бўлса-да, панжара ортидагиларнинг исмлари машҳур эди: уларнинг аксарияти Буюк инқироз давридаги уюшган жиноятчилик гуруҳлари вакиллари эди.
Энг машҳури, шубҳасиз, Чикагодаги машҳур мафия синдикатини бошқарган гангстер ва контрабандачи Ал Капоне бўлган.
Капоне Атлантадаги қамоқхонада эканида жиноий фаолиятни бошқаришда давом этган деб топилгани учун Алкатрасга юборилади. Алкатрас қамоқхонасида у тўрт йилдан сал кўпроқ вақт қолади, заҳм касаллигига чалинганидан кейин бошқа муассасага ўтказилади.
Шон-шуҳрати қамоқхона йўлакларидан ташқарига чиққан яна бир шахс қотилликда айбланиб судланган Роберт Строуд эди.
Уни қушларга бўлган муҳаббати учун «Алкатрас орнитологи» деб аташган. Аввалги қамоқ жойида, Канзасда у бир нечта қуш боққан, аммо Алкатрасда бу тақиқланганди ва у китоблардан орнитологияни ўрганишга мажбур бўлган.

«Даҳшатли» лақабли гангстер Элвин Карпис 1930-йилларда ФҚБ рўйхатидаги «1-рақамли халқ душмани» саналган ва Алкатрасда энг узоқ яшаган маҳбус бўлган – у 25 йил-у бир ой қамоқда ўтирган.
Бу камераларни гангстер Жорж «Пулемёт Келли» Барнс ҳам, 1950-йилларда Капитолийга қуролли ҳужумда қатнашган Пуэрто-Рико миллатчи партияси аъзоси Рафаэл Кансел Миранда ҳам кўрган.
Қочишлар ва ҳафсала пир бўлиши
Меъморлар Алкатрасни қочиб бўлмайдиган қамоқхона сифатида ўйлаб топганди – электрли деворлари, тиканли симлар, қуролланган қўриқчилар турган миноралар ва атрофдаги муздек океан суви.
Аммо бу ўнлаб маҳбусларнинг қочишга уринишига тўсқинлик қилмади. Расмий маълумотларга кўра, қарийб ўттиз йил ичида 36 киши иштирок этган 14 та уриниш амалга оширилган. Федерал қамоқхоналар бюроси маълумотларига кўра, 23 киши қўлга олинган, олти киши қочиш чоғида отиб ташланган, яна икки киши чўкиб кетган.
Аммо қочишга уринганлардан беш нафари топилмаган: расмийлар уларни бедарак йўқолган деб ҳисобласа-да, баъзилар улар қочишга муваффақ бўлганини тахмин қилади.
Биринчи қочишга уриниш 1936 йилда, қамоқхона очилганидан икки йил ўтиб рўй берган: лекин бу у оддий ва иложсиз уриниш эди. Жо Бауэрс исмли маҳбус қамоқхона деворига чиқишга қарор қилади ва пастга тушиш буйруғига бўйсунишдан бош тортганидан кейин қўриқчилар томонидан отиб ташланади.
Ўн йил ўтгач, янада пухта ўйланган иккита уриниш амалга оширилади.
1945 йилда Жон Жайлснинг қочишга уриниши деярли амалга ошганди. Ўғирланган ҳарбий кийим ва қалбаки ҳужжатлар ёрдамида у ҳарбий кемага ўтириб, материкка етиб олишга муваффақ бўлган, бироқ расмийлар унинг кийими бошқаларникидан фарқ қилишини пайқаб, уни ҳибсга олган.
1946 йилда қамоқхона тарихидаги энг даҳшатли қочишнинг олди олинади - бу воқеа «Алкатрас жанги» сифатида тарихда қолган. Олти нафар маҳбус ўқотар қуролни қўлга киритган, икки қўриқчини ўлдирган ва яна 18 кишини яралаган. Лекин қочиб қутулолмаган.
Сўнгги иккита уриниш 1962 йилда содир бўлади ва Алкатрас қамоқхонаси тақдирини ҳал қилади: дастлаб маҳбуслар Фрэнк Моррис ва ака-ука Кларенс ва Жон Энглин қочиб кетишади ва кейинчалик қўшни оролда топилган баъзи нарсаларни ҳисобга олмаганда, изсиз ғойиб бўлишади. Ҳисоботда улар «чўккани тахмин қилинган» деб ёзилган.
Кейин Жон Скотт ва Дарл Паркер ертўладаги ошхона орқали қочишга муваффақ бўлишди, аммо улар орол яқинида, сувдалигида қўлга олинади.
Ҳолливуд маҳсулотлари
Одамларда Алкатрас ҳақидаги тасаввурлар Ҳолливуд филмлари билан озиқланган бўлиб, бундай филмлар доим ҳам тарихчилар ва ҳужжатли филмлар томонидан қайд этилган фактларга мос келмаган.
«Алкатрас» кўплаб китоблар ва филмларда тасвирланганидек, Қўшма Штатларнинг «лаънатланган қамоқхонаси» эмасди. Аслида, кўплаб маҳбуслар у ерда яшаш шароитларини, масалан, алоҳида камераларни бошқа федерал қамоқхоналарга қараганда яхшироқ деб топган», – деган Федерал қамоқхоналар бюроси матбуот котиби.
«Қоя» ҳақидаги энг машҳур филмлардан бири – 1979 йилда Клинт Иствуд иштирокидаги «Алкатрасдан қочиш» филми бўлиб, унда Фрэнк Моррис ва ака-ука Энглинларнинг қочишга уриниши тасвирланган. Филмнинг сюжети шуни кўрсатадики, улар материкка сузиб боришга муваффақ бўлгани ҳақида аниқ далиллар ҳали ҳам йўқ.
Орнитолог Страуд ўз машҳурлиги учун 1972 йилда Берт Ланкастер бош ролни ўйнаган филм учун сценарийга айлантирилган биографик матндан миннатдор бўлиши керак.
«Биринчи даражали қотиллик» филмида Алкатрас маҳбуси Анри Теодор Янг кичик жинояти учун қамоққа ташланган етим сифатида тасвирланган, ҳолбуки ҳаётдаги Янг кўплаб жиноятлар содир этган, қамоқхонада эса камерадошини ҳам ўлдирган.

Фото: Bettmann/Getty Images
Кейинги ўн йилликларда оролдаги қамоқхона Николас Кейж ва Шон Коннери иштирокидаги «Қоя» (1996) филми, унинг номи билан аталган видеоўйин ва 2012 йилда ягона мавсуми чиққан «Алкатрас» телесериали олинган жой бўлди.
Қамоқхона нега ёпилганди?
1963 йилда Алкатраснинг ёпилишига асосий сабаб уни сақлаш харажатлари эди. АҚШ Адлия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, денгиз тузи емирадиган биноларни таъмирлаш учун 5 миллион доллар, ҳар бир маҳбусни сақлаш учун эса кунига деярли 10 доллар сарфланар, бу бошқа жазони ижро этиш муассасаларининг харажатларидан анча кўп эди.
Расмий ёпилишдан кейин ҳам орол узоқ вақт кимсасиз қолмади: «Барча қабилаларнинг аборигенлари» ташкилотига бирлашган бир гуруҳ ҳинду фаоллари оролни эгаллаб олишди ва унда мактаб ва маданий марказ ташкил қилмоқчи бўлишди. Улар XIX асрда АҚШ ҳукуматига қаршилик кўрсатган ҳинду йўлбошчилари сақланган оролга тарихий ҳуқуққа эгаликларини айтишарди.
Аммо бу лойиҳа молиявий қийинчиликлар – хусусан, оролга материаллар ва асбобларни етказиб бериш қимматлиги, шунингдек, фаоллар ўртасидаги келишмовчиликлар ва ниҳоят кучли ёнғин туфайли тўхтаб қолди. Натижада АҚШ президенти Ричард Никсон 1971 йилда оролдаги одамларни эвакуация қилишга буйруқ беради.
Бугунги кунда Алкатрас – Сан-Францисконинг диққатга сазовор масканларидан биридир: оролга ҳар йили ўртача 1,3 млн сайёҳ ташриф буюради. Бу ерда ҳар йили «Алкатрасдан қочиш» номли триатлон ўтказилади, унда юзлаб спортчилар тегишли тайёргарлик ва жиҳозларга эга ҳолда машъум оролдан қочиб, материккача эсон-омон етиб олиш мумкинлигини намойиш этишади.
Мавзуга оид

21:12
Трамп нефт нархи пасайиши Россиянинг музокаралардаги позициясини юмшатиши ҳақида гапирди. Москва рад этди

15:55 / 05.05.2025
Трамп учинчи муддат, тинчлик музокаралари ва савдо уруши оқибатлари ҳақида гапирди

10:26 / 05.05.2025
Трамп "Алькатрас" қамоқхонасини қайта очишни буюрди

14:15 / 04.05.2025