Ватиканда конклав бошланди. Кардиналлар ёпиқ эшиклар ортида янги Рим папасини сайлашга киришди
Папани сайлаш олдидан кардиналлар ўзларининг электрон қурилмаларини топширган. Шунингдек, улар Сикстин капелласида сир сақлаш қасамёдини қабул қилган.

Фото: Getty images
Ватиканда конклав бошланди — унинг доирасида 133 нафар кардинал янги Рим папасини сайлаши керак бўлади.
Кардиналлар Римга маҳаллий вақт билан соат 10:00 да етиб келган ва Авлиё Пётр соборига ташриф буюрган. Шундан кейин улар Санта-Мария қароргоҳига тушлик учун қайтиб, соат 16:30 ларда конклав ўтказиладиган Сикстин капелласига йўл олган.
Папани сайлаш олдидан кардиналлар ўзларининг электрон қурилмаларини топширган. Сикстин капелласида кардиналлар сир сақлаш қасамёдини қабул қилган, папани сайлаш маросимига раҳбарлик қилаётган Диего Равелли «Extra Omnes» («Ҳаммангиз чиқиб кетинг») сўзларини айтган ва шундан сўнг конклавда иштирок этмайдиганлар хонани тарк этишга чақирилган. Эшиклар ёпилгач, махфий овоз бериш бошланган.
Сайловлар давомида бир нечта овоз бериш жараёни ўтказилади ва уларнинг ҳар биридан кейин бюллетенлар ёқилади. Сикстин капелласи мўрисидан эса янги папа сайланганига ишора қилувчи тутун чиқади. Агар тутун қора бўлса, бир нафар номзод кераклича овоз тўплай олмаганини (жами овозларнинг учдан икки қисми ва яна бир овоз — яъни 89 овоз), оқ бўлса — сайлов амалга ошганини англатади.
Конклавнинг биринчи кунида овоз бериш жараёнларининг фақат бир раунди ўтказилади. Биринчи тутун маҳаллий вақт билан 19:00 дан кейинга кутилмоқда.
Конклавнинг дастлабки тўрт кунида ҳар куни тўрт мартагача овоз бериш жараёнлари ташкил этилиши мумкин: эрталаб иккита ва кундузи иккита. Бешинчи куни овоз бериш тўхтатилиб, кардиналларга ибодат учун вақт ва норасмий муҳокама имконияти берилади. Узоғи билан бир кун ичида овоз бериш қайта тикланади ва навбатдаги танаффусга қадар яна еттита раунд ўтказилади. Агар 33 раунд доирасида ҳеч ким кераклича овозни тўплай олмаса, кардиналлар олдинги раундларда энг кўп овоз тўплаган икки етакчини танлайди. Улар орасидан ғолиб бўладиган инсон эса шунчаки кўпроқ овоз тўпласа кифоя.
Рим папаси Франциск 21 апрел куни 88 ёшида вафот этганди. У 2013 йил март ойида сайланиб, соғлиғидаги муаммолар туфайли папаликдан кетган Бенедикт XVI нинг ўрнини эгаллаган.
Конклав давомида янги Рим папасини сайлаш бир неча соатдан бир неча кун, ҳафта ва ҳатто ойгача давом этиши мумкин. Католиклар тарихида энг узоқ давом этган конклав XIII асрда ўтказилган — кардиналларга папа Климент IV нинг ворисини сайлашга 1006 кун талаб этилган. Энг қисқа конклав эса бир неча соат давом этган — бу 1503 йилда Юлий II нинг сайлови эди.
Мавзуга оид

09:37
Ватиканда кардиналлар янги Рим папасини сайлай олмади

16:35 / 28.04.2025
Янги Рим папасини сайлаш учун конклав 7 май куни чақирилади — Reuters

14:20 / 23.04.2025
Урушни музлатмоқчи бўлаётган Путин ва Трампга қарши чиққан АҚШ университетлари — кун дайжести

13:04 / 22.04.2025